French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислом цивилизация маркази фаолияти сарҳисоб қилинди
14:47 / 2022-08-10

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг 2022 йил биринчи ярим йиллигида «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастури ижроси борасида амалга оширган ишлари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий матбуот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти ва келгусидаги режалари ҳақида Марказ директори Шоазим Миноваров маълумот берди.

Қайд этилишича, «Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон» китоб-фотоальбомини тўрт тилда (ўзбек, рус, араб ва инглиз)ги нашрини тайёрлаш бўйича ижодий гуруҳ шакллантирилди. Ҳозирда ижодий гуруҳ томонидан фотоальбомнинг ўзбек, рус, араб ва инглиз тилидаги матни тайёрланган.

[gallery-8227]

«Шарқ ва Ғарб» нодир китоблар коллекцияси фиҳристи ўзбек, рус, инглиз, араб ва француз тилларига таржима қилинди ва 4 та жилдда нашрдан чиқарилди.

Марказ кутубхонаси фонди жами 515 419 та ёзма манба, замонавий нашр ва электрон нусхадаги манбалар билан бойитилди. Жумладан, ҳозирда Марказ фондининг ёзма манбаларидан 465 та қўлёзма, 623 та тошбосма, 19 415 та замонавий нашрлар ҳамда 494 916 та электрон нусхадаги манбаларни ташкил этади.

Республика фондларида сақланаётган 106 минг 525 та ёзма манба тўғрисида маълумотлар базаси яратилиб, уларнинг илмий таҳлили асосида 50 минг 795 та манбаларнинг реестри (паспорти) тайёрланди.

Халқаро ҳамкорлик доирасида, жумладан, Қатар миллий кутубхонасида сақланаётган 19 351 та электрон манбалар, шундан 6,8 минг архив файллари, 1,3 минг хариталар, 591 та фотосуратлар ва 300 га яқин қўлёзмаларнинг электрон нусхаларидан фойдаланишга имконият олиниб, улардан шу кунгача 400 та ноёб қўлёзма манбалар ва 300 та архив ҳужжатлари марказнинг электрон нусхалар фондига юклаб олинган.

Марказ қошида «Алломалар мероси» ўқув маркази ташкил этилди. Ўқув марказининг жами 12 та филиали фаолият юритмоқда. Ўқув марказида араб тили, хаттотлик, Қуръони каримни ўрганиш бўйича дарслар йўлга қўйилган.

Буюк мутафаккирларимизнинг ислом цивилизацияси ривожида тутган ўрни ва роли, уларнинг илмий-маънавий меросини тарғиб этиш мақсадида «Ислом цивилизацияси маркази: шонли тарихдан буюк келажак сари» туркум кўрсатувларининг 9 та сони эфирга узатилди. Шунингдек, ушбу кўрсатувлар ҳудудий телеканалларда ҳам намойиш этилди.

«Аждодлар мероси — ибрат ва тарбия манбаи» шиори остида Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда 13 та маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Хаттотлик санъати бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Шунингдек, нашриёт ва босмахоналар ўртасида турли номинациялар бўйича танловлар ўтказилиб, ғолибларга сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.

Ташкил этилган барча тадбирлар ОАВ томонидан мунтазам ёритиб борилди.

Ҳозирги кунда Марказда 68 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда.

Илмий йўналишдаги бўлимларда жами 31 нафар илмий ходим фаолият юритади. Шулардан 4 нафари фан доктори, 4 нафар фалсафа доктори (PhD), 23 нафари илмий изланувчи тадқиқотчилар, докторантлар ва магистрлар.

Д. Маматова, ЎзА