Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислом бирдамлиги спорт федерациясининг 11-Бош Ассамблеяси ўтказилди
23:33 / 2022-08-07

Туркиянинг Конья шаҳрида ўтаётган Ислом бирдамлиги ўйинларининг бугунги куни вакилларимиз учун самарали бўлди.

Бу ҳақда кейинроқ, ҳозир куннинг энг муҳим воқелиги ҳақида тўхталиб ўтсак.

V Ислом бирдамлиги ўйинлари доирасида бугун Коньядаги “Grand Millenium” меҳмонхонасида Ислом бирдамлиги спорт федерациясининг 11-Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Осиё, Африка ва Европанинг ташкилотга аъзо 56та мамлакати вакиллари иштирок этди.

Анжуман аввалида ISSF президенти, Саудия Арабистони шаҳзодаси Абдулазиз бин Турки ал-Файсал сўзга чиқиб, Ислом бирдамлиги ўйинлари мусулмон оламида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

–Ислом бирдамлиги ўйинлари айни мақсадлар ила 2005 йилда ташкил этилган эди. Коронавирус пандемияси туфайли бироз кечикиб бўлса ҳам ушбу мусобақаларни ўтказаётганимиздан жуда хурсандмиз, – деди ISSF президенти.

V Ислом бирдамлиги ўйинлари ташкилий қўмитаси раиси, Туркия ёшлар ва спорт вазири Меҳмет Касапоглу эса ўз сўзида Коньяда ўтказилган тайёргарлик жараёни ҳақида гапириб ўтди. Маълум бўлишича, ўйинларни ўтказиш учун шаҳрдаги мавжуд спорт иншоотлари қайта таъмирланиб, қатор янги спорт мажмуалари бунёд этилди. Бир сўз билан айтганда, Ислом бирдамлиги ўйинларини юқори савияда ўтказиш учун барча имкониятлар мавжуд.

Бош ассамблея йиғилишида 2025 йил Камерун мезбонлигида ўтадиган VI Ислом бирдамлиги ўйинлари борасида ҳам мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди. Анжуманда Ўзбекистон номидан Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этди.

Бугунги баҳсларга келсак, Ислом бирдамлиги ўйинларининг велотрек мусобақаларида терма жамоамизнинг етакчи спортчиси Ольга Забелинская мураббийлар ишончини оқлади. Аёллар ўртасида ўтказилган очколар бўйича пойгада Забелинская энг яхши натижа кўрсатди ва терма жамоамизга илк олтин медални тақдим этди. Яна бир ҳамюртимиз Янина Кускова эса ушбу йўналишда кумуш медалга сазовор бўлди.

Ольга Забелинская – Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Ислом бирдамлиги ўйинлари ғолиби

–  Мусобақаларнинг очилиш маросими олдидан жамоамиз аъзоларининг медалларга эга чиқишгани жуда яхши бўлди. Кейинги икки йил давомида трек мусобақаларида қатнашмагандим. Шундай бўлса-да бугунги иштирокимдан кўнглим тўлди. Олдинда яна бир кун бор ва биз яна муваффақиятга эришишимизга ишонаман.

Ўзбекистон терма жамоаси жамғармасига иккинчи олтин медални парасузувчимиз қўшиб қўйди. 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича ўтган баҳсларда терма жамоамиз аъзоси Азизбек Бойназаров энг яхши натижа қайд этди. Яна бир ҳамюртимиз Султон Нуриддинов эса ушбу йўналишда маррага учинчи бўлиб етиб келган ҳолда бронза медалига сазовор бўлди. Параатлетимиз шарафига Ўзбекистон мадҳияси янграб, байроғимиз баланд кўтарилди.

Ислом бирдамлиги ўйинларининг гандбол бўйича аёллар ўртасидаги гуруҳ баҳсларини Сенегал терма жамоасига қарши бошлаган ҳамюртларимиз 28:27 ҳисобида ғалабага эришиб, дастлабки очколарини қўлга киритди. Шунингдек, стол тенниси баҳсларида ҳам вакилларимиз саралашда иштирок этди ва медаллар учун курашни давом эттиришмоқда.

Учинчи кун якунига кўра, вакилларимиз ҳисобида 2 тадан олтин, кумуш ва 3 та бронза медали мавжуд ва Ўзбекистон норасмий умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни эгаллаб турибди.

Отабек ЭШМАМАТОВ,

Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби.

ЎзА