Коня шаҳрида 56 та давлат спортчилари иштирокида ўтказилаётган V Ислом бирдамлиги ўйинларида юртимизнинг 265 нафар спортчиси 24 та спорт турида қатнашмоқда.
Бугунгача ўйинлар дастуридан ўрин олган 13 та спорт турларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Мазкур йирик комплекс мусобақалари доирасида Конядаги «Гранд Миллениум» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов Ислом бирдамлиги спорт федерацияси бош котиби Муҳаммад ал Гарнас билан расмий учрашуви бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат давомида Шаҳрулло Маҳмудов Ислом бирдамлиги спорт федерацияси томонидан ўтказилаётган тадбирларнинг нуфузи йилдан-йилга ортиб бораётгани, Ўзбекистон томони ҳам унга катта қизиқиш билан қараётгани, мамлакатимиз спортчилари олдинги ўйинларга нисбатан Туркиядаги мусобақаларга катта спорт жамоалари билан келганини таъкидлади.
Шунингдек, мамлакатимиз Ислом бирдамлиги спорт федерацияси билан ҳамкорликда ўйинлар дастурига киритилган турлар бўйича мусобақаларни ўтказишга тайёрлигини айтиб ўтди.
Бунга мисол тариқасида 2020 йилнинг февралида Тошкентда оғир атлетика бўйича Халқаро бирдамлик мусобақаси катта муваффақият билан ўтганлиги эътироф этилди.
Ўз навбатида Ойбек Қосимов мамлакатимизда нуфузли спорт мусобақаларини ўтказишга алоҳида аҳамият қаратилаётганини, жорий йил октябрь ойида Тошкентда дзюдо бўйича, 2023 йили бокс бўйича жаҳон чемпионатлари ўтказилиши, 2025 йили Тошкент ўсмирлар ўртасидаги Осиё ўйинлари каби йирик мусобақаларга меҳмонлик қилишини айтиб ўтди.
Учрашувда Муҳаммад ал Гарнас ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли эканини айтиб, Ўзбекистонда спортга берилаётган эътиборни юқори баҳолади.
Т. Рўзиев, ЎзА