Бугун, 7 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Кеча ўйинлар дастуридан ўрин олган футзал, волейбол ва пинчак силат спорт турларида саралаш мусобақалари ҳамда миллий спортимиз кураш бўйича кўргазмали беллашувлар ташкил этилди. 8 та давлатнинг 30 нафардан ортиқ курашчилари 4 та вазн тоифасида Ислом бирдамлиги ўйинларининг медаллари учун гиламга чиқди.

Мусобақалар давомида “кураш”, “гилам”, “чала” ёнбош”, “яктак”, "ҳалол” каби сўзлар янграб турди.
Беллашувларда эркаклар -66 ва -81, аёллар -57 ва -70 килограмм оғирликда беллашди.
Чиройли кураш усулларига бой кечган муросасиз баҳслар натижасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Руслан Бўриев -66 килограммда, Шоҳиста Назарова -70 килограммда олтин медалларга эгалик қилди.

Шунингдек, ҳамюртларимиздан Фотима Қодирова (-57) ва Умид Эсанов(-81) ўз вазн тоифаларида кумуш медаль билан кифояланди.
Медаллар жамғариш бўйича умумжамоада 2 та олтин, 2 та кумуш медалга эга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Эрон ҳамда Қирғизистон жамоаларига насиб этди.

Айтиш лозим, Ислом бирдамлиги ўйинларида 57 мамлакатнинг 4 минг нафарга яқин спортчилари 23 та спорт турида ғолиблик учун кураш олиб боради.
Мазкур комплекс спорт мусобақасида мамлакатимизнинг 180 нафардан ортиқ спортчилари 21 та спорт турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиши режалаштирилган.
Ўйинлар 21 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА