English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳотларнинг бош бўғини: маҳаллалар обод бўлса юрт тараққий этаверади
12:18 / 2026-01-07

Муносабат

Демократик ислоҳотлар жадал суратда олиб борилаётган юртимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жумладан, маҳалла институти фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқимизда маҳалла азалдан тинчлик-тотувлик, инсонийлик, меҳр-мурувват, таълим ва тарбия маскани ҳисобланган. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, маҳаллада тинчлик ҳукм сурса, юртимизда ҳам тинчлик бўлади, маҳалла обод этилса, бутун мамлакатимиз тараққий этади.

Маҳалла тизими бугунги кунда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган вазифаларни амалга ошираётган жамиятнинг муҳим институти бўлиб намоён бўлмоқда. Бу тузилма нафақат ижтимоий ҳимоя соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишга кўмаклашмоқда, балки аҳолининг фаровонлиги ва барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда маҳалла тизими 2017 йилдан бошлаб ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, маҳалла тизими анъанавий жамият таркибидан замонавий бошқарув тизимига ўтмоқда. Хусусан, “еттилик” тизимининг жорий этилиши, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам каби 100 дан зиёд хизматларни маҳалла даражасига тушириш орқали фуқароларга манзилли кўмаклашиш имконияти кенгайтирилди. Бу ёндашув ижтимоий ҳимояни кучайтириш билан чекланмай, бандлик ва тадбиркорликни рағбатлантириш орқали аҳоли даромадини оширишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур ривожланишни бир қатор босқичларга ажратишимиз мумкин. Аввало, 2017-2021 йиллар асосий ислоҳотлар ва инфратузилма ривожлантириш босқичи бўлди. Бунда маҳалла институтларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди. Маҳалланинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари сифатидаги ролини кучайтириш, ҳукумат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликни яхшилаш, жамоат тартиби ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. 

2021-2023 йиллар эса маҳалла тизимини ҳуқуқий ва функционал кенгайтириш босқичи саналади. Бунда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар киритилди, “маҳалла еттилиги” тизимининг жорий этилди. Маҳаллада ҳуқуқ-тартибот, соғлиқ сақлаш, таълим, аёллар, ёшлар, ижтимоий ҳимоя ва фуқаролик ҳолати органлари вакилларидан иборат гуруҳ шакллантирилди. Маҳаллага 100 дан ортиқ хизмат турлари (кредитлар, субсидиялар, компенсациялар) ўтказилди. "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" каби дастурлар орқали мақсадли ижтимоий ёрдам кўрсатилди. 

2024-2025 йиллар тизим фаолиятини янада кучайтириш ва модернизация босқичи ҳисобланади. Бу босқичда маҳалла тизимининг молиявий ва иқтисодий жиҳатлари кучайтирилди. Ҳар бир маҳаллага банкир ва солиқ ходимлари тайинланди, инфратузилма учун алоҳида маблағлар ажратилди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси жорий этилиб, давлат томонидан аҳоли таклифлари асосида лойиҳаларини молиялаштириш механизми ишга туширилди. 

Ислоҳотлар натижасида 2025 йилнинг ўзида маҳалла тизимидаги ислоҳотлар ва “маҳаллабай” лойиҳаларни амалга ошириш орқали 188 та маҳалладаги 715 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга биринчи марта тоза ичимлик суви киргани, 2 миллион 300 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшилангани, 867 та “оғир” маҳалладаги 470 мингта хонадонга томорқаларни суғориш учун илк бор сув етиб боргани фикримизга яққол мисол бўлади.

Ўтган йилнинг ўзида 5 миллион аҳолимиз даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушишига эришилди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан ҳоли” ҳудудга айланди.

Таъкидлаш керакки, маҳалла тизими ислоҳотларнинг асосий ва бошланғич бўғини сифатида барча соҳаларда муҳим ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунига кўра, маҳалла фуқаролар йиғинлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳисобланади. 

Улар давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди, лекин маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқаролар манфаатларидан, тарихий хусусиятлардан, миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда мустақил ҳал қилади. 

Бу ўзига хос жиҳат маҳаллани бошқа мамлакатлардаги маҳаллий бошқарув моделларидан фарқ қилади – у анъанавий оқсоқоллар кенгашидан замонавий демократик институтга айланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасида маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратилиши, 2026 йилга “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”деб, ном берилиши ҳам бошқарувнинг янги ва замонавий модели сифатида маҳалланинг муҳим институтга айланиб улгурганини ифодаламоқда.

Келгусида маҳалла тизими замонавий инфратузилмага эга бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг марказига айланади. 

Маҳалланинг ўзини ўзи бошқариш органи сифатидаги ролини кучайтириш учун тизим раҳбарлари ва фаолларни малакасини ошириш, жамоатчилик назоратини рақамли платформалар орқали ташкил этишга урғу қаратиш, тизим фаолиятининг шаффофлиги ва бошқарув самарадорлигида муҳим аҳамият касб этади. 

Бу ислоҳотлар шаффофликни ошириб, аҳоли эҳтиёжларини тезроқ ҳал қилишга имкон беради. Натижада ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий ўсишга эришилади. Маҳаллий бошқарувнинг бундай янги моделини шаклланиши, Ўзбекистоннинг умумий тараққиётига ҳисса қўшади. 

М.УБАЙДУЛЛАЕВ, 

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти

ЎзА