“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” Давлат дастури барча йўналишларда амалга ошириладиган устувор мақсад ва вазифаларни ўзида жамлаган дастуриламал ҳужжат бўлди. Унда кўзда тутилган йўналишлар халқимиз фаровонлиги ва мамлакат тараққиётини янада юқори босқичга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Давлат дастурида кўзда тутилган устувор мақсадлар, вазифалар моҳияти ва аҳамияти ҳақида Республика Маънавият ва маърифат маркази Таълим муассасалари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Тўхтасин Арслонов ЎзА мухбирига ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— 2026 йилга мўлжалланган Давлат дастури мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб беришга қаратилган муҳим стратегик ҳужжат бўлиб, унинг марказида инсон қадрини улуғлаш, маънавиятни юксалтириш, маҳаллани ривожлантириш масалалари устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Дастурда маҳалланинг ташкилий, иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини, инсонлар ҳаётини яхшилашдаги ўрнини янада мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ўз аксини топган. Чунки маҳалла — жамиятнинг энг қуйи, бироқ, энг муҳим бўғини ҳисобланади. Аҳолининг фаровонлиги, тинчлиги ва бандлиги, аввало, маҳалладан бошланади.

Шунингдек, камбағалликни қисқартириш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш асосий вазифалар сифатида белгиланган. Маҳалла инфратузилмасини такомиллаштиришга 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, унинг натижаси ўлароқ, Янги Ўзбекистон қиёфаси яратилиши, 1 миллион нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаш ва 263 минг оилани камбағалликдан чиқариш каби режалар замирида инсон қадри, унинг манфаатлари ётганини кўриш мумкин.
Давлат дастурида бевосита Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳам белгилаб берилган. Жумладан, жамиятимизда соғлом тафаккур, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш, турли ахборот хуружларига муносиб ва тезкор жавоб бериш, жадал ислоҳотлар жараёнида учраётган ғов ва тўсиқлар ҳақида таҳлилий-танқидий телемаҳсулотлар тайёрлаш, аҳолининг маданий ва маърифий савиясини ошириш, Ўзбекистоннинг қадимий маданияти, мафтункор табиати ва туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган телерадиодастурлар, ток-шоу тайёрлаш вазифаси юклатилган.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишларни юқори поғонага олиб чиқиш, Марказий Осиё ва туркий давлатларнинг битирувчи синфлар ўқувчиларини ҳам буюк тарихимиз билан кенг таништириш, улар ўртасида ўзаро дўстона алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида “Ватан таянчи” ҳаракати аъзолари ўртасида “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасини янгича форматда, буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишлаб ўтказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Марказ томонидан бир қатор вазирлик, ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – ягона Ватан!” шиори остида юртимиздаги барча миллат ва элатлар вакилларининг ўзаро тенглиги, бирдамлигини, уларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган ҳиссасини эътироф этувчи анжуман ташкил этиш ҳам белгилаб берилди.
Хулоса қилиб айтганда, 2026 йилга мўлжалланган Давлат дастурида барча йўналишларни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар комплекс ва тизимли равишда мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳар бир ташкилот ва идоранинг зиммасида масъулиятли вазифалар бисёр. Энг муҳими, белгиланган мақсад-вазифалар ижросини таъминлашда ҳар биримиз ўз вазифа ва масъулиятимиздан келиб чиқиб, фаол иштирок этсак, кўзланган самарали натижаларга эришишга ҳисса қўшган бўламиз.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА