Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳотларга бой ўн йил: инсон қадри давлат сиёсати марказида
18:39 / 2026-01-08

Сўнгги ўн йиллик Ўзбекистон тарихида ислоҳотлар даври сифатида муҳрланди. 2016 йилдан бошлаб мамлакат тараққиётининг янги босқичида инсон, унинг ҳуқуқ ва қадр-қиммати давлат сиёсатининг устувор мезонига айланди. Бу тамойил шиорда эмас, балки амалий қарорлар, фармон ва дастурлар орқали ҳаётга татбиқ этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида илгари сурилган “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган ғоя давлат бошқаруви тизимини тубдан ўзгартирди. Давлат идораларининг очиқлиги, фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилиб, инсон манфаатлари қарор қабул қилиш жараёнининг марказига чиқди.

Бу борада Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу тизим орқали миллионлаб мурожаатлар қабул қилиниб, йиллар давомида ечимини топмаган муаммолар ижобий ҳал этилди. Энг муҳими, давлат органларининг жавобгарлиги ошди, мансабдор шахслар фаолиятида инсон тақдирига нисбатан масъулият кучайди.

Инсон ҳуқуқларини ишончли таъминлаш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилмасдан туриб мумкин эмас эди. Шу боис бу соҳада ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилди. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги мустаҳкамланди, адвокатура институтининг мақоми оширилди, шахс дахлсизлигини таъминлашга қаратилган механизмлар жорий этилди. Хусусан, ҳибсга олиш масаласида суд назоратининг кучайтирилиши асоссиз чекловларнинг олдини олишда муҳим қадам бўлди.

Суд амалиётида оқлов ҳукмларининг ортиши суд тизимининг фақат жазоловчи эмас, балки адолатни қарор топтирадиган мустақил институт сифатида шаклланаётганини кўрсатди. Бу ҳолат ноҳақ айбланган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини тиклаш билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни қонунга қатъий риоя қилишга ундамоқда.

Шунингдек, адвокатларнинг процессуал ҳуқуқлари кенгайтирилиб, айблов ва ҳимоя ўртасидаги мувозанат таъминланди. Суд мажлисларининг очиқлиги ва қарорларнинг ошкора эълон қилиниши жамоатчилик назоратини кучайтириб, фуқароларда судга бўлган ишончни мустаҳкамлади.

Сўнгги ўн йилда амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамият муносабатларида инсон манфаатларини биринчи ўринга қўйган янги муҳитни шакллантирди. Инсон қадри қонун ҳужжатларидагина эмас, ҳаётнинг ўзида ўз ифодасини топмоқда. Бу эса “Ислоҳотларга бой ўн йил – барчаси инсон манфаатлари учун” деган ғоянинг тўлиқ ҳаётий эканини яққол тасдиқлайди.

Адолатли суд, қонунийлик ва инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясига таянадиган бу йўл мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти ва фуқаролар фаровонлигининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўткир Жўраев,  

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакилининг Жиззах вилоятидаги минтақавий

вакили, ЎзА