Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳотлардан баҳраманд бўлаётган Ўртадара
17:24 / 2025-08-15

Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг Ўртадара қишлоғи туманнинг олис ҳудудларидан бири ҳисобланиб, тоғлар бағрида жойлашган.

Ҳаёт мазмунини фақат ва фақат меҳнатда деб биладиган, оддий ва самимий инсонлар яшайдиган бу қишлоқ аҳолиси ҳар қандай янгиликни катта хурсандчилик билан қабул қилади. 

Бугунги кунда олис ва чекка ҳудудларда ҳам аҳоли турмуш тарзини фаровонлаштириш, камбағалликдан чиқариш, ишсизликни камайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳатлар Ўртадарагада етиб келди. 

Ҳудудда амалга оширилган энг муҳим лойиҳалардан бири ичимлик суви қувури тортиб келингани бўлди. Боиси узоқ йиллардан буён аҳоли ичимлик суви масаласида қийналиб келарди. 

Қишлоқда бўлиб, одамлар билан суҳбатлашарканмиз, улар сўнгги йиллардаги ўзгаришларни алоҳида эътироф этиб, узоқ йиллик муаммоларидан бири ичимлик суви бўлганини, гарчи тоғларда булоқ ва чашмалар кўп бўлса-да, ундан фойдаланиш имконсиз бўлиб келганини билдиришди. Эндиликда бу муаммо барҳам топди. 

[gallery-24786]

– Қишлоғимизда кўп вақтлардан буён ичимлик суви муаммо бўлиб келарди, – дейди шу қишлоқлик Абдуқодир Тилабов. – Сув керак бўлса, фарзандларимиз эшакларда плаклар билан 5-6 километр масофадан булоқлардан ташиб келарди. Телевизорда сув келтирилган маҳаллаларни кўриб қолсак, ҳавас қилардик. Орзуларимиз амалга ошди, бизнинг қишлоғимизга ҳам сув келди. 

Таъкидлаш лозимки, бир-неча босқичли хатловлар натижасида Ўртадара маҳалласи оғир тоифадаги маҳаллалар рўйхатига киритилди. Шундан сўнг маҳаллани ушбу тоифадан чиқариш борасида самарали ишлар амалга оширила бошлади. 

Албатта, қишлоқда ҳали ечилиши зарур бўлган муаммолар кўп, дейди маҳалла масъуллари. Биринчи навбатда яқин йилларга қадар тайинли биноси бўлмаган маҳаллага янги бино қуриб берилганининг ўзи катта ўзгаришлардан бири. Шунингдек, жорий йилда қишлоқ йўлларини яхшилаш борасида ҳам муҳим ишлар бошланишини маълум қилишди. Давлат бюджетидан 1 миллиард 785 миллион сўм маблағ ажратилиб, 3 километрга яқин йўлни асфальтлаштириш, 8 километрга шағал ётқизиш режалаштирилган. Маҳаллада электр таъминотини яхшилаш мақсадида қарийб 500 миллион сўм маблағ ажратилиб, янги трансформатор ва симёғочлар ўрнатиш ишлари бажарилмоқда. 

Нафақат вилоятда, балки республика миқёсида қизил тоифадаги маҳаллалар рўйхатининг етакчиларидан бўлиб келган Ўртадара ҳозир яшил тоифага ўтиш остонасида турганини мамнунлик билан қайд этишди. 

– Маҳалламизда камбағал оилаларнинг ишсизлигини бартараф этиш учун жиддий чора-тадбирлар кўрилмоқда, – деди “Ўртадара” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Шерзод Зиятов. – Асосий драйверимиз чорвачилик ва деҳқончилик. Аҳолига чорвачилик, деҳқончилик ва тадбиркорлик йўналишларида фаолиятини яхшилаш учун 1 миллиард 800 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. 80 дан ортиқ хонадонларимизга субсидия эвазига тикув машинаси, мотокултиваторлар, сув насослари олиб берилди. Бундан ташқари, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида босимли қувур остида 7 километр 600 метр масофадан –тоғлардаги булоқлардан қарийб бир миллиард сўмга яқин маблағ эвазига сув келтирилди. Натижада 385 та хонадоннинг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Шунингдек, мобиль компаниялар антенналари ўрнатилиб, алоқа сифати яхшиланди. Камбағал, ночор оилаларга ҳомийлар бириктирилиб, чорва моллари, деҳқончилик қилиш учун мотокултиваторлар олиб бериляпти. Насиб этса, йил якунига қадар барча йўналишларда лойиҳаларимиз якунлангач, оғир тоифадан чиқиб кетамиз. 

Бугун ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу –одамларнинг ҳаётини фаровон қилиш, уларнинг бугунидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш. Манзил ва макондан қатъи назар, ўзгаришларнинг кенг қулоч ёяётганини эса Ўртадара маҳалласи мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири