Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳотлар жамият ривожи ва инсон манфаатларига хизмат қилади
16:10 / 2023-12-05

Янги таҳрирдаги Конституциямизга ҳамоҳанг тарзда жорий йилнинг 11 сентябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида” ги Президент фармони етти йилга мўлжалланган бўлиб, мамлакатимиз ривожланишига хизмат қиладиган энг муҳим ҳужжатлардан биридир. Унда барча соҳа ва йўналишларда бир қатор устувор мақсад-вазифалар ўз аксини топган.

Яъни бу мақсадлар қаторига барча фуқароларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имкониятлар яратиш, соғлом ва билимли авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш ҳамда адолат, қонун устуворлиги ва хавфсизликни кафолатлаш киради.  

Жамиятда барча муносабатларни қонун-қоидалар тартибга солади. Шундай экан, Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Шу каби, Конституциямизда умумий моддалар сони 128 тадан 155 тага, ҳуқуқий нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпайди.  

Конституциямиз Ватанимизнинг давлатчилик тарихидаги ўтмиш сабоқларини, бугунги кун талабларини ҳамда келажак авлодлар олдидаги улкан масъулиятни жамлаган асосий қонундир. Буни унга киритилган ўзгартириш ва янгиликлар мисолида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Дастлабки Конституциямизнинг 23-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди” деган биргина норма бор эди. Энди эса бу бандга қўйидаги иккита қисм қўшилди, яъни, “Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас” ва “Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади” каби қисмлар қўшилди.  

Яна бир жиҳат эътиборимизни тортади. Олдинги таҳрирдаги Конституциянинг 25-моддасида: Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас, дейилган. Янги таҳрирдаги Конституцияда эса бу модда 27-модда бўлиб, унда мазкур йўналишдаги муносабатларни тартибга солиш жуда аниқ ва батафсил белгиланган. “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт”. Демак бу ерда жиноят процессуал кодексининг 226-моддаси айнан Конституциянинг ўзида акс эттирилганини кўришимиз мумкин.  

Шунингдек, Янги таҳрирдаги Конституция “Инсон – жамият – давлат” парадигмасига асослангани, унда барча аҳоли тоифаларининг, ҳатто жиноят содир этган шахслар ҳуқуқ ва манфаатлари акс этгани билан муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда юртимизда жиноят содир этишда айбланаётган шахсларни, жумладан, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш, асоссиз ва ноқонуний айбловларга чек қўйиш борасида бир қатор ижобий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Биргина 2016 – 2022 йиллар мобайнида 4 минг 740 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганлиги ҳам бунинг яққол исботидир.  

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси 28-моддасида айбсизлик презумпцияси ҳамда “Миранда қоидаси” мустаҳкамланди. Ушбу модданинг биринчи қисмида жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши белгиланган. Олдинги таҳрирдаги Конституциянинг 26-моддасида эса жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди, деб қайд этилган. Қиёслаб кўриш мумкинки, мазкур нормага “...суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча” жумласи қўшилди. Бу жумла билан эса шахснинг жиноят содир этишда айбдор ёки айбдор эмаслигига оид нуқтани фақат суд қўйиши мумкинлигига урғу берилмоқда.  

Умуман олганда, юқоридаги сингари бир қатор инсон ҳуқуқларига оид нормаларнинг Бош қомусимизда мустаҳкамланиши Конституция юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг шаъни ва қадри ҳимоячиси эканлигидан далолат беради. Юқорида айтилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармоннинг эътиборга молик жиҳати  унда “Янгиланган Конституциявий – ҳуқуқий шароитда асосий йўналишларни такомиллаштириш ва мамлакат тараққиёти ҳамда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги” қайд этилган. Тараққиёт стратегиясида барча йўналишлар бўйича 5 йиллик мақсадлар кўзланган. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш,  барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш шулар жумласидандир.  

Шунинг учун ана шундай кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш йўлида ўз масъуллигимизни оширишимиз ва ҳалол меҳнатимиз билан тараққиётимиз йўлида хизмат қилмоғимиз лозим.  

Акмал Эргашев,

Жиззах вилоят адлия бошқармаси бошлиғи

ЎзА