Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ
19:20 / 2025-05-21

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида олий таълим соҳасида коррупция ҳолатларига қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган “Коррупция – жамият ривожининг тўсиғи” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

Унда институт факультетлари деканлари ва уларнинг ўринбосарлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар, тюторлар ҳамда педагог ходимлар иштирок этишди.

Тадбирда институт ректори Қувондиқ Қодиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи Батир Матмуратов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг бўлим бошлиғи Рашид Садиков, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мутахассиси Ҳабибулла Рузимбетовлар томонидан таъкидланганидек, ҳар қандай тараққиётнинг илдизига болта урадиган иллатлардан бири коррупциядир. Мамлакатимизда бундай иллатларга қарши курашиш, уларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги қонунчилик базаси ҳам такомиллаштирилмоқда. Шу аснода фуқароларнинг масъулияти ҳам оширилмоқда.

Жорий йил 5 март куни давлатимиз раҳбари Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида иштирок этиб, “Коррупция – ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ” эканини таъкидлаган эди.

Тадбирда соҳа мутахассислари мамлакатимизда барча соҳалар ривожига салбий таъсир кўрсатаётган коррупцион ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, шунингдек, Президент томонидан 2024 йил 5 июнь куни тасдиқланган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, улардан келиб чиқиб соҳаларда, айниқса, таълим тизимидаги бундай ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси вазифаларга тўхталиб ўтди.

Коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилган бўлиб, бунда энг муҳим тадбирлардан бири – аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва билимларини ошириш эканлиги таъкидланган эди. Амалга оширилаётган шундай ишларга қарамасдан, соҳаларда коррупциявий ҳаракатлар аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда.

Олий таълимда коррупцион ҳаракатларнинг олдини олиш учун маълумотларни олиш электрон, ҳужжат топшириш онлайн форматларга ўтказилиб, ҳозирги вақтда имтиҳонларни онлайн тарзда интернет тармоқлари орқали очиқ-ошкора ўтказиш йўлга қўйилганлиги, шунингдек, энг муҳими, ҳар бир олий таълим муассасасида коррупцияга қарши курашиш мақсадида комплаенс-назорат бўлими ташкил этилиб, бу борадаги ишлар аниқ белгиланганлиги ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда таъмагирлик, пора олиш ва бериш, муайян совға эвазига одамларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига қарши ҳаракат қилиш амалдаги қонунчилик асосида тақиқланиши, агар шундай ҳолатлар аниқланадиган бўлса, жиноий жавобгарликка асос бўлиши аниқ мисоллар билан кўрсатиб берилди.

Якунда соҳаларда коррупция ҳолатларига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ҳуқуқий-тезкор тадбирлардан тайёрланган видеоролик иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. 

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири