Янги Конституция халқимиз иродасининг ифодаси сифатида кучга кириши мамлакатимизда янги давр бошланганидан яққол далолатдир.
Эндиликда Конституциямиз, нафақат шу пайтгача қўлга киритган ютуқ ва муваффақиятларимизни, ислоҳотларнинг изчиллигини мустаҳкамловчи, балки халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини, орзу умидларини ҳам ўзида ифода этган “Бахтимиз Қомуси” деган таърифга муносиб ҳуқуқий ҳужжатга айланди.
Президентимиз жорий йил 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан ўтказган мулоқотида бу фикрни алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол иштирок этди. Шу нуқтаи назардан қараганда, янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, “инсон – жамият – давлат”, деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз”, деди Шавкат Мирзиёев йиғилишда сўзлаган нутқида.
Давлатимиз раҳбари, йиғилишда янги Конституциямиздан ўрин олган барча муҳим нормалар мазмун-моҳиятига яна бир бор тўхталиб ўтар экан, уни ҳаётга жорий этиш, ижросини таъминлаш бўйича қатор вазифаларни айтиб ўтди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони имзолангани ҳам қайд этиб ўтилди.
“Бош Қонунимизнинг ҳар бир банди ва моддасини жамиятимиз, айниқса, ёшларимиз учун ҳаёт қоидасига айлантириш, бу борада уларнинг тушунча ва тасаввурларини кенгайтириш, ҳар бир маҳалла, таълим муассасаси, ташкилот ва корхоналарда ўргатиш мақсадида ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмалар яратиш зарур”, деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда Юртбошимиз янгиланган Конституциянинг 128-моддасига мувофиқ, муддатидан илгари Президент сайлови ўтказиш ҳақида бутун халқимизга мурожаат қилиб, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгараётганини, республикамизнинг янгиланган Асосий қонуни Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазифаларни қўяётганини, халқимиз барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутаётганини, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланаётганини айтиб ўтди.
Бундай улкан вазифаларни муваффақиятли адо этиш учун янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Биз – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Жиззах вилояти кенгашининг Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги 143 нафар ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳлари аъзолари ва 100 минг нафардан ортиқ партия фаоллари – бу ташаббусни Президентимизнинг халқимиз иродасига, орзу-умидларига бўлган чексиз ҳурмати, эл-юрт манфаатларига бўлган садоқати, мамлакатимизни янада тараққий эттиришга бўлган фидойилиги сифатида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.
Чунки бу янги Конституциямиз пойдевор бўлган, инсон қадри улуғланган, ҳуқуқий ва демократик принциплар устувор бўлган мамлакатни барпо этишдек улуғ ва эзгу ниятларимизга хизмат қилаётган ислоҳотларимизнинг узвийлигини таъминлашига ишончим комил.
Эркин Холматов,
O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги
O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари
ЎзА