Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, очиқлик ва бозор механизмларига асосланган янги иқтисодий сиёсат ҳудудлар ривожи учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Ана шу ислоҳотларнинг амалий натижалари 2025 йилда Боёвут туманида ҳам яққол намоён бўлиб, иқтисодий ўсиш, аҳоли бандлиги ва ижтимоий фаровонлик кўрсаткичларида сезиларли ижобий ўзгаришларга олиб келди.
Давлат раҳбарининг ҳудудларни комплекс ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсати натижасида туманда саноат соҳаси жадал ривожланди. 2025 йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 3 трлн 543,7 млрд сўмни ташкил этиб, 224,8 фоизга ўсди. Бу натижа, аввало, инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолиятини кенгайтириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали маҳаллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга қаратилган давлат сиёсати самарасидир.

– Мамлакатимизда инвестицияларни жалб этиш ва саноатни модернизация қилишга қаратилган ислоҳотлар ҳудудларда ўз самарасини бермоқда, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Ботирбек Усмонов. – Боёвутда ҳам ана шу ёндашув асосида замонавий корхоналар ташкил этилди, янги иш ўринлари яратилди ва маҳаллий иқтисодиёт янада барқарорлашди.
Қишлоқ хўжалигида ҳам таркибий ислоҳотлар изчил давом эттирилди. Ер муносабатларини такомиллаштириш, сув ресурсларини тежаш ва илғор агротехнологияларни жорий этиш орқали соҳада самарали натижалар қайд этилди. 2025 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 1 трлн 813,3 млрд сўмга етди, ўсиш суръати 104,3 фоизни ташкил қилди. Томчилатиб суғориш тизими 167 гектар ерда жорий этилди, 127 гектар янги ер майдонлари ўзлаштирилди. Бу тадбирлар фермерлар ва деҳқонлар даромадларини ошириш, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Туманда инфратузилма соҳасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. “Янги Ўзбекистон” массивларида 288 хонадонга мўлжалланган 4 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 4 километрлик ички йўллар таъмирланиб, аҳолининг кундалик ҳаракати учун қулайликлар яратилди. Марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 72,8 фоизга етказилиб, аҳоли турмуш сифати яхшиланиб бормоқда.
Хизматлар соҳасини ривожлантириш, кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам ижобий натижа берди. Хизматлар ҳажми 564,1 млрд сўмга етди, янги лойиҳалар молиялаштирилди ва аҳоли учун сервис хизматлари тури кенгайди.

Инвестиция ва экспорт кўрсаткичлари ҳам ижобий тенденцияда ривожланди. 33 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди, 61 та лойиҳа доирасида 2 547 та янги иш ўрни яратилди. Экспорт ҳажми 34,8 млн АҚШ долларига етказилиб, режадан юқори бажарилди. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлиги ва мамлакатимизда экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг ҳудудларда амалий самарасини кўрсатади.
Энг муҳими, иқтисодий ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Шу боис туманда ишсизлик 5,6 фоизга, камбағаллик эса 5,2 фоизга камайди. 18 221 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, 5 974 нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилди. Касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш орқали 1 924 нафар фуқаронинг меҳнат бозорида рақобатбардошлиги оширилди.
– Энг асосийси, Боёвутда амалга оширилаётган барча ишлар аҳоли турмушини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли, – дейди туман ҳокими ўринбосари. — Шу боис, бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилади. Янги инвестиция ва замонавий технология лойиҳалари амалга оширилиб, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш ва аҳолининг даромадини кўпайтириш асосий мақсадимизга айланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири