Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳотлар самараси: Илм-фан йўналишидаги ўсиш — эътирофга муносиб
17:29 / 2025-08-19

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

Мустақиллигимизнинг 34 йили — инсоният тарихи олдида жуда қисқа фурсат, аммо мамлакатимиз ҳаётида асрларга татигулик натижалар намоёни билан қадрли ва қимматли муддат. Бу йиллар давомида юртимиз ҳаётининг ҳар бир жабҳаси мисли кўрилмаган даражада равнақ топди, кўзланган улкан марралар забт этилди, аҳоли фаровонлиги, турмуш шароитлари юксалди, илм-маърифат, маданият, спорт, тадбиркорлик кенг қулоч ёйди.

Айниқса, сўнгги йилларда янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворига тамал тошини қўйиш мақсади йўлидаги ислоҳотлар кўлами тенгсиздир. Бу йўлда юртимиз ёшларини илмга, олий таълимга кенг жалб қилиш, илм-фанни ривожлантириш сари ҳаётий қадамлар ташланди. Натижада ёшларимизнинг олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 43 фоизга етди. 

Олий таълимдан кейинги таълим жараёнлари, илмий фаолият йўналишлари ҳам жадал ўсиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, 2018-2024 йилларда илм-фан ва инновацион фаолиятга оид жами 90 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Натижада соҳада рақобат, манфаатдорлик ва жавобгарлик муҳити шаклланди. 

Инновация ва илм-фан соҳаларига давлат бюджетидан ажратиладиган йиллик маблағлар ҳажми 3 баробарга ҳамда лойиҳаларни молиялаштириш ҳажми 3,5 баробарга оширилди. Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида илмий даражага эга ходимларнинг базавий лавозим маошлари 3,2 баробарга оширилди ҳамда мақсадли кўрсаткичларга асосан ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби жорий этилди. Илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизими диверсификация қилинди, 2018-2022-йиллар давомида саноат корхоналари ва хусусий сектордан фан ва инновацияларга ажратилган маблағлар 3 баробарга кўпайди. 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг маълумотларига кўра, сўнгги 7 йилда илмий даражали педагоглар улуши республика бўйича 32,7 фоиздан 44 фоизга ўсди. Яъни, 2024 йилда 2017 йилга нисбатан 11,3 фоизга ошган.

2024 йил ҳолатига кўра, олий таълим муассасаларида 40 мингга яқин профессор-ўқитувчи меҳнат қилмоқда. Шундан илмий даражалилар 17 минг 400 нафар бўлиб, фан докторлари 3 минг 360 нафар, фан номзодлари 14 минг 40 нафарни ташкил этади. Диссертация ҳимоялари кўрсаткичи 2023 йил якунида 2016 йилга нисбатан 15 мартага оширилган. Республика олий таълимдан кейинги таълим институтларида 11 минг 750 нафар докторант, 9 минг 741 нафар мустақил-изланувчи илмий-тадқиқот ишларини олиб борган. Бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан докторантлар 6,1 мартага, мустақил тадқиқотчилар 3,4 мартага ошганидан далолат беради. 

2024 йилда республика олий таълимдан кейинги таълим институтларида докторантурага қабул квоталари 5 минг 200 та ҳамда стажёр-тадқиқотчиликка 500 та квота ажратилган. 2016 йилга нисбатан квоталар сони 21,3 мартага оширилди.

Тадқиқотчи талабгорлар учун кўзда тутилган аттестация тадбирларини муносиб амалга оширишни ташкил этиш мақсадида олий таълим муассасаларида жами 235 та Илмий кенгашлар фаолият олиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 7,3 мартага оширилди.

Тадқиқотчи педагогларнинг илмий мақолаларини нашр этиш йўналишида ҳам қатор натижаларга эришилмоқда. 2024 йилда олий таълим муассасаларида “Scopus” халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи нуфузли халқаро илмий журналларда 3 минг 574 та мақола нашр этилган ва мақолалар сони 2016 йилга нисбатан 5,8 баробарга ошган.

2018-2024 йиллар давомида докторантурага ажратилган квоталар сони 7,1 баробарга ошди ва 2024 йилда 5 минг 200 тага етказилди. Олий таълимдан кейинги таълимга тайёргарлик босқичи сифатида стажёр-тадқиқотчилик институти жорий этилиб, 1,5 мингта ёш олим қамраб олинди.

Бир сўз билан айтганда, кейинги йилларда инновация ва илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, соҳада кескин ўсиш ва ривожланиш кузатилмоқда. Илмий фаолиятнинг равнақи эса ҳар бир соҳа ва тармоқнинг илмий жиҳатдан чуқур ўрганилиши ва амалиётда улкан самараларга эришиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Зеро, юртимиз азалдан илм-фан ўчоғи бўлиб, дунё цивилизацияси равнақига катта ҳисса қўшган олиму фузалоларни етиштирган заминдир. Бугун буюк алломаларимизга муносиб издош ва ворисларни етиштириш, уйғонишнинг учинчи буюк даврини бошлаб бериш йўлида бардавом қадамлар ташланаётгани эътибор ва эътирофга муносиб. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА