Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳотлар қоғозда эмас, халқ ичида самара бериши керак
09:24 / 2025-07-01

Муносабат

Мамлакатимизда кейинги етти-саккиз йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, жорий йил февраль ойида қабул қилинган “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони билан томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларидан самарали фойдаланиш, соҳага замонавий бошқарув тизимини жорий этиш, маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда юқори даромадли ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш механизмлари жорий этилди.

Шунингдек, 2025 йил бошидан буён 867 та “оғир” тоифадаги маҳаллага сув чиқариш учун 1,4 триллион сўм маблағ ажратилди. Бунинг ҳисобига 662 минг хонадондаги жами 80 минг гектар томорқага 25-30 йил ичида илк бор сув етиб борди. Бу ўртача ҳисобда 3 миллиондан ориқ аҳоли ҳаётида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлган воқелик саналади.

Бироқ, айрим масъул идораларнинг бепарволиги сабаб 662 минг хонадоннинг барчаси ҳам сердаромад экин экиб, 2-3 марта ҳосил олаётгани йўқ. Сабаби, ушбу аҳоли 1 сўмлик сувдан 2–3 сўмлик даромад олишга ўргатилмаган. Натижада, миллиардлаб маблағ эвазига ташкил этилган инфратузилмадан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Бу эса, фақат сув етиб бориши билан эмас, балки локал иқтисодиёт ва тажриба йўли билан тўлалигича амалга оширилиши керак бўлган жараён ҳисобланди.

Мисол учун, жорий йилда Қорақалпоғистондаги 89 та маҳаллага 150 миллиард сўм маблағ берилган. Шу боис, мутасаддиларга бу маҳаллаларда томорқадан 350-400 миллиард сўмлик қўшимча маҳсулот олиш бўйича тизим яратиш топширилди. Бу шунчаки маблағ ажратиш эмас, ички иқтисодиётни жонлантириш, маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш, даромадини кўпайтириш демакдир.

Қолаверса, ҳар бир туманда 5 тадан, жами 1 минг 156 та драйвер лойиҳа инфратузилмасига 300 миллиард сўм ажратилган. Лекин, Бухородаги 27 та, Навоийдаги 22 та  лойиҳа бўйича қурилиш бошланмаган. Жиззах, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ҳам ишлар режадан 1-2 ойга кечикмоқда.

Ёки бўлмаса 16 та туманнинг ҳар бирини жадал ривожлантиришга 70 миллиард сўмдан пул ажратилди. Биринчи босқичда 336 миллиард сўм берилгани билан Чимбой, Асака, Чортоқ туманлари ҳокимлари ўзи берган лойиҳани қайта-қайта ўзгартириб, вақтни бой бермоқда, натижада аҳоли кутган натижа кечикмоқда. Бу эса, ўша ҳудуд аҳолиси ҳаётида рўй бериши лозим бўлган ижобий ўзгаришларнинг ўз вақтида амалга ошмаслигига сабаб бўлмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, кўпинча ушбу жараёнларда депутатлар иштироки етарли даражада бўлмаяпти. Сабаби, бугунги ислоҳотлар жараёнида биз, депутатларнинг иш столида эмас, майдонда – халқ ичида бўлиши ислоҳотлар натижадорлиги ошишига хизмат қилади.

Чунки, депутатлар маҳаллий ҳокимият ва ижро органлари устидан назорат функциясини фаол амалга оширса ҳамда қонуний асосда ҳал бўлмай келаётган масалаларни ўз вақтида Кенгаш муҳокамасига чиқарсагина жойларда кутилган натижага ўз вақтида эришиш мумкин.

Ҳар бир ислоҳот, ҳар бир фармон, ҳар бир қарор одамлар ҳаётини яхшилаш учун қабул қилинади. Лекин уларнинг ҳаётда самара бериш-бермаслиги депутатларнинг фаоллиги, ҳалқ билан мулоқоти, муаммонинг ечимини талаб қилишга бўлган жасоратига боғлиқ.

Дилрабо ХОЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 

Аграр ва сув хўжалиги масалалари 

қўмитаси раиси ўринбосари.

ЎзА