Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда
11:43 / 2022-07-27

Соғлиқни сақлаш ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Жиззах вилоят бошқармалари ҳамкорлигида пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб, Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманларида янги тиббий профилактика ҳамда патронаж тизимини жорий қилиш юзасидан белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ахборот берилди.

Сўнг Жиззах шаҳри ҳамда Мирзачўл туманидаги тиббиёт муассасаларига борилди.

– 200 қатнов ўрнига эга Жиззах шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси Жиззах шаҳри ва шаҳар атрофидаги аҳолига тор доирадаги мутахассисликлар бўйича хизмат кўрсатади, – дейди поликлиника бош шифокори Мусахон Амонов. – Муассасада барча тор мутахассислар бор, Ўзбекистоннинг қаеридан бўлишидан қатъий назар ҳар бир мурожаат қилган фуқарога бирламчи тиббий ёрдам бепул кўрсатилади. Турли инфекция билан боғлиқ даврий касалликларни аниқлаш учун барча зарур тиббий жиҳозлар мавжуд бўлиб, беморда бирор инфекцион касаллик тури аниқланса, ҳолатига қараб, оғир формада бўлса юқумли касалликлар шифохонасига, енгил бўлса, шу ерда изоляцияга олиб, даволанади.

Лаборатория, рентген, УЗИ, ЭКГ ва бошқа энг сўнги русумдаги замонавий, хорижда ишлаб чиқарилган тиббий ускуналар билан жиҳозланган кўп тармоқли марказий поликлиникада 68 нафар врач, 112 нафар ҳамшира, ўндан ортиқ кичик тиббий ходимлар фуқароларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

[gallery-8050]

Навбатдаги манзил кўп йиллардан буён фаолият кўрсатиб келаётган Жиззах шаҳар 2-сонли оилавий поликлиникаси бўлди. Шифо муассасаси барча зарур тиббий ускуналар, жумладан ЭКГ, УЗИ, болалар ва катталар тиш шифокори учун зарур асбоб-ускуналар билан таъминланган.

– 2-сонли оилавий поликлиникада 28 шифокор, 76 ҳамшира ишлайди, шулардан 45 нафари махсус сумкалар ва керакли дори-дармон, тиббий ускуналар билан тўлиқ таъминланган патронаж ҳамширалари ва 9 нафар кичик тиббий ходимдир, – дейди поликлиника бош шифокори Қаршигул Ҳайдарова. – Таъминот ва кадрлар масаласида муаммо йўқ. Аммо муассаса белгиланган нормадан анча кўп, яъни 27 минг ўрнига салкам 50 минг аҳолига хизмат кўрсатиши сабаб беморлар қабули, муолажаси, стационар даволаниши учун зарур хоналар етишмайди.

Пресс-тур иштирокчилари Мирзачўл туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиника фаолияти билан таништирилди.

Туманда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тиббий профилактика ва патронаж хизмати йўналишида мутлақо янги тизимни жорий қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини таъминлашнинг маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари даражасигача қамраб оладиган яхлит тизимни яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.

– Мирзачўлдаги ушбу кўп тармоқли марказий поликлиника 2019 йил янгидан барпо этилди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Баҳром Суюнов. – Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, беморларга қулай шароит яратиш мақсадида бунёд этилган поликлиниканинг лойиҳа қиймати 8 миллиард сўмни ташкил этади. 250 қатнов ўрнига эга ушбу шифо масканида 23 нафар врач, 103 нафар ҳамшира, 26 нафар кичик тиббиёт ходими беморларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Поликлиника энг замонавий, сўнгги русумдаги инновацион тиббий технологиялар, 80 турдаги дори-дармон ва бошқа зарур тиббий ускуналар билан тўлиқ таъминланган. Тиббиёт ходимлари учун барча шароитлар яратилган, аммо малакали шифокорлар етишмайди. Шу сабаб, Самарқанд вилоятидан 2 нафар ёш, иқтидорли йигитларни таклиф этдик. Уларга бу ердаги шароит маъқул келди, шу ерда қолиб ишлаш ниятида. Лекин бу билан муаммо тўлиқ ҳал бўлмайди.

– Туман марказий шифохонасида эндокринология бўлими очилиб, жуда яхши бўлди, – дейди Мирзачўл туман “Тошкент” маҳалласида яшовчи 1981 йилда туғилган 2-гуруҳ ногирони, кам таъминланган Дилафруз Аҳмедова. – 1 нафар фарзандим бор, ёлғиз онаман. Ўғлим Жиззахда ўқийди, даволанишга шароитим йўқ. Жиззахга бир амаллаб шароит қилиб, даволангани борсам, “2 ойдан кейин келинг, шунда жой бўшайди”, дерди. Бу ерда ҳамма шароитлар бор, дори-дармон билан шифохонани ўзи таъминлаяпти.

 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА