Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳотлар ижроси: энергетика тизимида яна бир станция ишга туширилди
14:46 / 2025-12-09

Энергетика тармоғида олиб борилаётган изчил модернизация жараёнлари мамлакатимизнинг электр ва иссиқлик таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган йўналишларни янги босқичга кўтармоқда. Айниқса, катта шаҳарлар инфратузилмасида замонавий, кам сарфли ва экологик тоза когенерацион технологиялардан фойдаланган ҳолда электр станцияларини барпо этиш соҳада қўлга киритилаётган энг муҳим натижалардан бири ҳисобланади.

Шу маънода, пойтахтда 100 МВт қувватга эга газ-поршенли электр станциясининг ишга туширилиши Тошкент шаҳрининг энергия хавфсизлигини таъминлашда, тармоқдаги юкламани камайтиришда ва ресурслар сарфини оптималлаштиришда стратегик аҳамият касб этади.

Бу ҳақда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги “Тошкент иссиқлик маркази” директори Бекзод Бўронбоев қуйидагиларни гапириб берди:

– Аввало, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимиз  равнақи ва халқимиз турмуш тарзини яхшилашга қаратилгани ниҳоятда аҳамиятли эканини қайд этиш лозим. Айниқса, қисқа даврда энергетика тизимида олиб борилган ишлар  таъминот барқарорлигини таъминлашда муҳим қадам бўлди. Бугун қанчалик ушбу манбаларга талаб ошмасин, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳада татбиқ этилаётган лойиҳалар бунинг ечими бўлмоқда.

Шу ўринда, куни кеча Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Президентимиз иштирокида бўлиб ўтган тантанали маросимда ташкилотимизнинг энг йирик ва замонавий лойиҳаларидан бири – 100 МВт қувватга эга газ-поршенли электр станцияси расман ишга туширилиши бунга яққол мисолдир. Ушбу объект пойтахт энергетик тизими барқарорлиги ва ишончлилигини оширишда муҳим ўрин тутади.

Ушбу станция Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 4-сон иссиқлик маркази ҳудудида барпо этилди. Лойиҳа энергия таъминоти барқарорлигини яхшилаш, табиий газ истеъмолини қисқартириш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратишга қаратилган.

Лойиҳа Хитойнинг CNTIC, "Vpower Holdings Singapore Pte. Limited" ва "Cntic Vpower Thermal Energy" компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилди. Бу эса халқаро тажриба ва илғор технологик ечимларни лойиҳага муваффақиятли татбиқ этиш имконини берди.

Станция генерация майдонида 70 та когенерацион газ-поршен ускуналари, 70 та иссиқлик алмашинув модуллари ва 35 та трансформатор ўрнатилган. Шунингдек, 110 кВ кучланишли очиқ тақсимлаш майдонида 2 та куч трансформатори, 9 та элегаз ажраткич, 6 та юқори кучланишни ушлаб турувчи қурилма ва 4 та қўшиб-ажраткич жойлаштирилган.

Янги объект фаолият бошлаши билан 50 та иш ўрни яратилди. Станция йилига ўртача 876 миллион кВт·соат электр энергияси ва 784 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқаради. Бу эса 15 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини беради.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида ўртача 365 минг хонадон электр энергияси, 58 минг хонадон эса иссиқлик энергияси билан таъминланади. Бу аҳоли турмуш сифатини ошириш, шунингдек, саноат тармоқлари барқарор ишлаши учун муҳим аҳамиятга эга.

Станциянинг ишга туширилиши пойтахт истеъмолчиларини электр ва иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлашда навбатдаги муҳим қадам бўлиб, энергия самарадорлигини ошириш ва экологик юкламани камайтиришда аҳамиятлидир.

Эътиборли жиҳати шуки, ушбу станциянинг ишга туширилиши энергетика тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги амалий самарасидир. Шу билан бирга, бу иншоот иқтисодий ривожланиш, янги иш ўринлари яратиш ва стратегик инфратузилмани мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиб, мамлакатимиз энергетика хавфсизлигини таъминлашда катта ўрин эгаллайди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА