Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Навоий вилоятининг Қизилтепа туманига ташрифи чоғида тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси болалар бўлимида бўлди.
Марказий шифохонада 15 та бўлим бўлиб, болалар бўлими 1985 йилда ташкил этилган. 2023 йилнинг феврал-март ойларида “Она” хайрия жамғармаси ҳомийлигида мукаммал таъмирланган. Ушбу бўлим 0-14 ёшдаги 41 минг 264 нафар болага хизмат кўрсатади.


Бу ерда Т.Норбоева болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишди ва бир гуруҳ тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди.
Маълумки, Янгиланаётган Конституциямизда аҳоли кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши белгиланган. Лойиҳада аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилмоқда. Бу аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга.


Жорий йилда “Кафолатланган хизматлар пакети” қайта кўриб чиқилиб, унда 20 турдаги касалликлар бўйича диагностика, даволаш ва профилактика хизматлари ҳажми тўлиқ қамраб олинмоқда. Кўп учрайдиган 20 турдаги касалликлар бўйича бирламчи бўғиндаги бепул анализ турлари – 15 тадан 25 тагача, текширувлар – 10 тадан 20 тагача, дорилар – 64 тадан 90 тага оширилади.
Шунингдек. Сенат раиси тумандаги “Гулзор” маҳалласи янги биносининг очилиш маросимида иштирок этди.


Маҳалла биноси қурилиши учун 808 миллион сўм сарфланиб, аҳоли ва ходимлар учун барча қулайликлар яратилган. Бугунги кунда маҳаллада 745 та оилада 2 минг 745 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Ҳудудда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, 2,5 километр йўл асфальтлаштирилиб, 2 километри бетонлаштирилди. Бундан ташқари, 160 киловатли янги трансформатор ўрнатилиб, 1,3 километр электр линиялари янгиланди.
А.Бўриев,
ЎзА