Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари, ҳаёти, дахлсизлиги, қадр-қимматини ҳимоя қилишга хизмат қилади
17:54 / 2023-03-05

Президентимизнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ги фармони қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан биринчи навбатда жамоатчилик ва халқ билан кенг муҳокамаларда билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди. Ўз навбатида фармоннинг 14-банди адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш борасидаги суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишга қаратилган вазифаларга бағишланди.

Ушбу вазифалар доирасида фармонда:

– жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувларини эшитиб туриш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш;

– жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш;  

– адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш талабини бекор қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш белгиланди.

Фармонда белгиланган ушбу вазифаларнинг таъминланиши, биринчи навбатда жиноят содир этишда гумонланаётган, айбланаётган шахснинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаган шахсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларининг ҳимояланиши ва сўзсиз таъминланишини кафолатлайди.

Жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибининг жорий этилиши, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг “Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминлаш” принципининг сўзсиз бажарилиши ва жиноят содир этилганликда гумон қилинувчи, айбланувчи шахснинг бундай ҳуқуқларини нафақат судларда, балки суриштирув, тергов органларида ҳам таъминланишини кафолатлайди.

Келгусида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш талабининг бекор қилиниши эса Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқ ҳимоячилари, адвокатлар сонининг ошиши билан бирга олий ўқув юритини тамомлаган ёш кадрларни иш билан таъминланишига олиб келади.

“Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар, Конституция ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, унинг ҳаёти, дахлсизлиги, қадр-қимматини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Акмал Муродов,

Навоий вилояти маъмурий суди раиси  

ЎзА