Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳотлар аҳолининг фаровон ҳаёти учун хизмат қилади
13:52 / 2023-10-06

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатида “Бизнинг эзгу мақсадимиз – биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир”, деб таъкидлаб ўтган эди.

– Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва раҳбарлигида сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва фаровонлигини ошириш, қулай бизнес муҳитини яратиш ва тадбиркорларга шароит яратиб бериш, шунингдек, Оролбўйи минтақасини экологик ва гуманитар инқироз юз бераётган ҳудуддан экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Ботир Матмуратов. – Бу борада кейинги йилларда Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларнинг барчаси мураккаб экологик вазиятда яшаб келаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга, уларнинг бугунги кундан рози бўлишига хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг ташаббуси асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги 75-сессиясида қабул қилинган “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясида белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 июлдаги “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан Оролбўйи минтақасига иқтисодиёт тармоқларида ресурс тежовчи ва юқори самарага эга замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга боғлиқ 2021–2024 йилларда амалга оширилиши белгиланган 7 та йўналишдаги 71 та тадбирдан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди. Бунинг учун турли манбалардан 312 миллиард сўм, 22,2 миллион АҚШ доллари, 6 миллион еврога тенг маблағ сарфланиши белгиланди. Шу билан бирга, қарор билан махсус резолюцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун 2021–2024 йилларда бажарилиши режалаштирилган 65 та устувор инновацион лойиҳа тасдиқланди. Ушбу лойиҳалар учун турли манбалардан 1,9 триллион сўмга тенг маблағ сарф этилиши натижасида 4 минг 500 та иш ўрни яратилиши белгиланди.

2022 йилнинг 31 августида “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ҳудуднинг инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ёшлар бандлигини таъминлаш йўналиши доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида жойлашган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзлар берилди.

Жумладан, 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилган ҳолда ижтимоий солиқ камайтирилиб, 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасида, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланаётган ижтимоий солиқ шаҳарлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 12 бараварга, туманлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 6 бараварга камайтирилиб, йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида солиқ имтиёзи белгиланди.

Шунингдек, ёш тадбиркорларга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида тўғридан-тўғри Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали 7 йил муддатга қарз маблағи тақдим этиш белгиланди.

Жорий йилнинг 2 февраль куни давлатимиз раҳбарининг “Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича ишларнинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган шароити оғир оилалар ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда овул ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасидаги барча овул ва қишлоқлардаги аҳоли турар жойлари ҳамда ички йўллар ҳолати бўйича ўтказилган хатловда аниқланган, оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли 21 минг 94 та уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш ҳамда 709 та яшаш учун яроқсиз уй-жойни янгидан қуриш, шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига бириктирилмаган Амударё, Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманларидаги 2 минг километр тупроқ йўлга қум-шағал ётқизиш белгиланди.

Қайд этиш керакки, ҳукумат комиссияси йиғилишининг баёнига асосан вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бириктирилган Нукус шаҳри, Бўзатов, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахиатош, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Шуманай туманларидаги қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджети ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланди. 

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 сентябрдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қулай бизнес муҳитини яратиш, инновацион технологияларни жорий этиш ва инфратузилмалар билан таъминланганлик даражасини янада яхшилаш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 123 километр тупроқ йўлга қум-шағал ётқизиш учун жорий йилнинг ўзида 15 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ички хўжалик йўлларини таъмирлаш учун 2023 йилда 12 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

[gallery-13886]

Мазкур қарор доирасида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича буюртмачи этиб, Нукус шаҳри ва шимолий туманлардаги оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли уйларнинг том қисмини таъмирлаш ва авария ҳолатидаги уйларни янгидан қуриш ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК ДУК ва жанубий туманлардаги ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК ДУК белгиланди. Жанубий туманлардаги 2 минг километр тупроқ йўлларга қум-шағал ётқизиш ишлари Амударё, Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманлари ҳокимликларининг Ободонлаштириш бошқармаларига топширилди. 

Амалга оширилаётган барча эзгу ишлар ҳудуд аҳолиси учун муносиб турмуш шароитини яратиш, маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш, бунинг натижасида халқнинг фаровон турмуш кечириши учун барча имкониятни яратиб беришдан иборатдир.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбири