French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳот ва самара: зайтун боғлари барпо этилиб, иқлим шароитимизга мос навлари яратилмоқда
13:45 / 2023-12-14

Зайтун мойи табобатда қадимдан ишлатилиб келинади, тиббиётда ҳам кенг қўлланилади. У кимёвий таркиби жиҳатидан она сути таркибидаги мойга яқин турадиган ягона ўсимлик ҳисобланади. Италия, Испания каби давлатларда унга “суюқ олтин” номи берилган. Боиси, ушбу давлатларда зайтун ўсимлиги энг катта даромад манбаи ҳисобланади.

Мамлакатимизда ҳам зайтун етиштириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Зайтун боғларини барпо этиш, иқлим шароитимизга мос навларни яратишда қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматованинг ҳиссаси катта. 

– Сурхондарё вилоятининг тупроқ ва иқлим шароити ўрганиб чиқилиб, дастлаб Туркиядан олиб келинган зайтун кўчатлари Сурхондарё вилоятининг субтропик ҳудуди – Олтинсой туманидаги ерларга экилди, дейди Д.Ёрматова. – Зайтун етиштириш борасидаги илмий ишларимиз давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланди. 2002 йилда Ўзбекистон ерларида илк бор зайтун кўчатлари томир отди. 

2004 йилдан 2005 йилга ўтар қиш совуқ келади. Дилором опа фарзандидек парваришлаётган ниҳолларини совуқ уришидан хавотирланади. Шукрки, зайтун кўчатлари қишдан омон-эсон чиқади. 2004 йили Тошкент вилоятининг Қибрай туманида, 2005 йил Зангиота туманига ҳам зайтун кўчатлари экилади. Ниҳоят, Олтинсой туманидаги зайтун дарахтлари 2006 йил гуллаб, ҳосил беради ва мевалари пишиб етилади.  

– Зайтунларингиз гуллади! Телефон орқали айтилган бу гап мен учун ҳақиқий хушхабар эди, – дейди Дилором Ёрматова. – Ахир, уларнинг гуллашини неча йиллардан буён кутаётган эдим. Дам-бадам улардан хабар олиш, куну тун ўйлаш... Очиғи, фарзанди улғайишини кутаётган онадек эдим. Зайтун дарахти камида минг йил яшайди. Агар мамлакатимизда зайтун дарахтини ўстириб, улардан ҳосил олишни йўлга қўйсак, жуда катта ютуққа эришамиз. Аҳолини сифатли, шифобахш зайтун мойи билан таъминлабгина қолмай, уни экспорт ҳам қилиш мумкин.  

Сурхондарё вилоятида олиб борган тажрибалар ижобий самара бергач, кўплаб фермер хўжаликларида зайтун кўчатлари экила бошланди. Турли мамлакатлардан, хусусан, Испаниядан 14, Озарбайжондан 2, Қрим ва Америкадан 4 хилдан зайтун навлари олиб келинди. Ўзбекистон тупроқ иқлим шароитига мослаштирилган “Қоракўз” ва “Изумруд” зайтун навлари яратилди. 2015 йили улар давлат реестрига истиқболли нав сифатида киритилди. 

Тажрибаларга кўра, бир туп зайтун дарахтидан дастлаб 5-7 килограмм, кейинчалик 30 килограмм ва ундан кўпроқ ҳосил олинди. Демак, томорқага 6 туп зайтун дарахти экилса, йилига 180 килограмм мева, ундан 30 килограмм соф зайтун мойи олиш мумкин. Ўсимликнинг ер танламаслиги, унумдорлиги паст, қумлоқ, ўртача шўрланган майдонларда ҳам ўсавериши, вегетациясининг 5-6 йилларидан бошлаб кам сув ичишини инобатга олсак, мамлакатимизда ҳам ушбу ўсимликни парваришлаш истиқболли экани маълум бўлади. 

Дилором Ёрматованинг айтишича, Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб бир неча йиллик адаптация натижасида 17 градус совуққа чидамли 4 хил навга эга бўлдик. Зайтуннинг совуққа чидамли навларини яратиш борасида ҳам олимлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. 

Бугунги кунда Cурхондарё, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги фермер хўжаликлари ва хонадонларда зайтунлар ўстирилмоқда. Зайтунзорларни янада кенгайтириш, ушбу ўсимликнинг янги навларини яратиш, бизнинг иқлимга мослаштириш ва ҳосилдорлигига эришиш аҳолини тоза зайтун мойи билан таъминлаш имкониятини кенгайтиради, бундай маҳсулотларни четдан олиб келиш заруратини йўқотади.  

2022 йил 20 майда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кeнг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларини барпо этиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда халқ табобатидан кенг фойдаланиш борасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, фармацевтика саноатида, табобатда қўллаш самарали бўлади. Зайтун дарахтининг нафақат, меваси, мойи, балки барглари ҳам шифобахш ҳисобланади. Барглари қуритилиб, чой сифатида истеъмол қилинса, юрак тўқималарини кислород билан таъминлайди. Қон босимини меъёрлаштириб, холестериндан халос этади. Ички аъзолар учун ҳам фойдали жиҳатлари кўп. Хулоса қилиб айтганда, зайтун инсон саломатлиги учун кони фойдадир.

Моҳигул Қосимова, ЎзА