Мамлакатимиз иқтисодиёти самарадорлигини ошириш, етказиб берилаётган маҳсулотларнинг ишончлилиги, хавфсизлиги, фойдаланишда қулайлиги ва сифатини таъминлашда техник жиҳатдан тартибга солишнинг аҳамияти муҳим ҳисобланади.
Соҳада сўнгги йилларда қабул қилинган қонунлар ва уларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларнинг натижалари янада яққол намоён бўлмоқда.
Ўзбекистонда 2017-2022 йилларда техник тартибга солиш фаолиятидаги ўзгаришлар ҳақида Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) бош илмий ходими Мирҳамид Тўраев қуйидагича маълумот берди.
– Ҳар бир давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этади, – деди М.Тўраев. – Худди шу каби техник тартибга солиш фаолиятида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ўз самарасини бермоқда.
Ушбу соҳада маҳсулотлар, ишлар, хизматларнинг сифати ва хавфсизлик талабларига риоя қилиниши ва истеъмолчилар ҳуқуқларини нотўғри ўлчаш натижаларининг салбий оқибатларидан ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ўта муҳим ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, 2017-2022 йилларда техник тартибга солиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлатимиз раҳбарининг қарорлари муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ҳужжатлар ижроси бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида халқаро стандартларни, шу жумладан, сифат менежменти тизими бўйича халқаро стандартларни қўллаш асосида маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини оширишга доир ягона давлат сиёсати олиб борилмоқда.
Албатта, ПМТИ экспертлари ҳар бир соҳа каби техник тартибга солиш йўналишидаги ислоҳотлар натижасини таҳлил қилиб, улар асосида ўзининг таклифларини тақдим этади. Яқинда олимларимиз томонидан ўтказилган таҳлил шу соҳага бағишланди.
Сўнгги йилларда ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги, “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.
Шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида “е-стандарт”, “е-метрология” ва "е-аккредитация" ахборот тизимлари ишлаб чиқилди. Аҳамиятлиси, халқаро талабларга уйғунлаштирилган стандартлар сони 19,5 мингтага етди ва умумий стандартлар сонидаги улуши 10 фоиздан 80,4 фоизгача ошди. Жорий қилинган халқаро техник регламентлар сони 4,8 маротаба, яъни 12 тадан 57 тага етказилди.
ISO 9001 халқаро стандартига мувофиқ экспорт салоҳиятини ривожлантириш мақсадида турли соҳаларда фаолият юритувчи 4961 корхонада Сифат менежменти тизимлари жорий этилди. Маҳсулот ва хизматлар сифатини оширишга кўмаклашишга қаратилган “Корхонабай” тизимининг татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликнинг аниқ механизмларидан фойдаланиш имконини берди.
Тадбиркорлар фаолияти мазкур соҳадаги ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқдир. Юритмиздаги 14,9 мингта корхонада стандартлаштириш ва метрология бўйича тадбирлар ўтказилиб, 1,4 минг турдаги маҳсулотни сертификатлаш йўналишларида амалий ёрдам кўрсатилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизимидаги синов лабораториялари модернизация қилиниб, янги ускуналар билан таъминланди. 4 та лаборатория халқаро аккредитациядан ўтказилди. 13 та янги лаборатория ташкил этилди.
Бу каби соҳадаги ислоҳотлар самарасида "Ўзбекистон аккредитация маркази” давлат унитар корхонаси Халқаро лаборатория аккредитацияси ташкилотининг тўлиқ аъзолигига қабул қилинди. Эндиликда Ўзбекистонда ўтказилган синовлар натижаси дунёдаги 116 та мамлакатда тан олинади. Ўз навбатида, Oeko Tex, GOTS, BCSI, Sedex, Global GAP, Organic, CE ва бошқа халқаро стандартлар тўқимачилик соҳасидаги 157 та, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторидаги 225 та, электротехника тармоғидаги 53 та корхонада жорий этилган.
Энг муҳими, жаҳон стандартларига мос ҳолда шаклланган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳаси бундан кейин ҳам тармоқлар ва умуман Ўзбекистон иқтисодиётини янада самарали ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишда кўмак бера оладиган ишончли тизимга айланиб улгурди. Бу жараёнда ислоҳотлар замиридаги мустаҳкам ҳуқуқий асосларнинг ўрни беқиёсдир.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди