Ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг ҳуқуқий механизмлари
24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Бир кун олдин сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда кун тартибига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаларини ҳар томонлама муҳокама қилиш якунларига кўра уларни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Депутатлар ўз ишини “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда ҳар томонлама муҳокама қилишдан бошладилар. Қонун лойиҳаси Конституциянинг Қонунчилик палатаси депутатлар гуруҳининг ташаббусига кўра Марказий сайлов комиссияси фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлашни назарда тутувчи 117-моддасига киритилган тузатишларни амалда рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасида “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунга, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Марказий сайлов комиссияси мустақиллигининг кафолатларини мустаҳкамлашга ва ваколатларини янада кенгайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи, қонун лойиҳаси учун масъул бўлган қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари, шунингдек, демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари кенгайтирилган йиғилиш ўтказди. Тадбир чоғида қонун лойиҳасини тайёрлашда келиб тушган барча таклиф ва фикр-мулоҳазалар умумлаштирилди. Шунингдек, мажлисда тегишли соҳа экспертлари, олимлари иштирок этиб, ушбу ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар бердилар.
Шундан сўнг депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар. Ушбу қонун лойиҳаси жиноят-процессуал қонунчиликни янада такомиллаштиришга, жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга, шунингдек, миллий қонун ҳужжатларини халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга қаратилган. Ушбу қонун лойиҳасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси суд ишини юритиш чоғида йўқолган жиноят ишини ёки унинг материалларини ижро этиш учун прокурорга юбориладиган суд ажримига кўра тиклаш механизмини тартибга солувчи модда билан тўлдирилмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ишчи гуруҳнинг кенгайтирилган мажлисини ўтказди. Унда барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, шунингдек, экспертлар иштирок этдилар. Қонун лойиҳасининг барча моддаларини ҳар томонлама муҳокама этиш чоғида ушбу ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Депутатлар муҳокамасига “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда киритилди. Қонун лойиҳаси “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги ва айрим қонун ҳужжатлари нормаларини қабул қилинган қонунга мувофиқлаштириш зарурати туфайли ишлаб чиқилди. Тегишли тузатишлар “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги, “Табиий монополиялар тўғрисида”ги, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига киритилмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда масъул қўмита томонидан ушбу ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган бир қанча тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, фракциялараро дебатлар ўтказилди. Уларда барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари қонун лойиҳасини яхшилаш юзасидан аниқ тавсиялар бердилар.
Моддама-модда муҳокама қилиш чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда депутатлар юқорида қайд этилган барча қонун лойиҳаларини маромига етказиш, уларни ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги бошқа қонун лойиҳалари билан бирга қабул қилиш учун тайёрлашни масъул қўмиталарга топширдилар.
Мажлис кун тартибига «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам (янги таҳрирда) иккинчи ўқишда киритилди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январда қабул қилинган “Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепциясининг демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш соҳасида устувор йўналишларни амалга ошириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасида котировка, котировкалаш, трейдер, биржада бозорни манипуляция қилиш, инсайдерлик ахбороти, инсайдерлик битими, маркет-мейкер, икки томонлама котировка, ҳосила воситалар каби тушунчалар киритилмоқда. Депутатларнинг фикрича, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши биржа фаолияти ва биржалар иши масалаларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти учун шарт-шароит яратиш, биржа бозори иштирокчилари, акциядорлар ва давлатнинг манфаатларини мувозанатга келтириш, мамлакатимиз биржа бозорининг жаҳон биржа бозорига уйғунлашуви учун шарт-шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини жаҳоннинг етакчи биржалари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш имконини беради.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида ишчи гуруҳ 50 дан ортиқ тадбир ўтказиб, уларда барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари фаол иштирок этдилар. Улар томонидан депутатлар, экспертлар, олимлардан келиб тушган барча таклифлар кўриб чиқилди. Уларнинг энг муҳимлари ушбу ҳужжатни маромига етказишда инобатга олинди. Қонунчилик палатаси ҳар томонлама ва моддама-модда муҳокама этиш якунларига кўра ушбу қонунни қабул қилди. Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.
Парламент қуйи палатасининг аъзолари “Соғлом бола йили” Давлат дастурини ижро этиш мақсадида тайёрланган ва биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасига катта эътибор қаратдилар. Ушбу қонун лойиҳасида аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигини таъминлашга доир давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгилаб берилади.
Ушбу қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.
Қаҳрамон Эргашев, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси:
– Ўзбекистонда “Соғлом бола йили” Давлат дастурини рўёбга чиқариш давом эттирилмоқда. Дастур доирасида соғлом, баркамол авлодни шакллантириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик базаси такомиллаштирилмоқда, янги қоидалар ва нормалар ишлаб чиқиш давом эттирилмоқда. “Аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам шулар жумласидандир. Ушбу қонун лойиҳаси мамлакатимизда барқарор санитария-эпидемиологик вазиятни сақлаш учун аҳоли саломатлигини асраш ва турли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича изчил чора-тадбирларнинг боришини тизимлаштиради ва тартибга солади.
Биз қонун лойиҳаси қабул қилинишини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлаган ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар учун инвестиция муҳити ва бизнес иқлими ёмонлашишига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидламоқчи эдик. Шу муносабат билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиб туриш суд тартибида амалга оширилишига эътибор қаратмоқчи эдим.
Саттор Раҳматов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:
– Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ фуқароларнинг соғлиғини асраш, шу жумладан, аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигининг ишончли норматив-ҳуқуқий базасини яратишга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бизнинг фикримизча, ушбу қонун лойиҳаси аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг комплекс тизимини мустаҳкамлашга кўмаклашади, шунингдек, ижро этувчи органлар ва назорат қилувчи хизматларга ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолатини назорат қилиш имконини беради.
Хусусан, қонун лойиҳасида аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигини таъминлаш доирасида меҳнат шароитларига қўйиладиган санитария-эпидемиологик талабларни аниқлаштириш назарда тутилмоқда, бу эса мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун тенг ва ижтимоий жиҳатдан қулай меҳнат шароитлари яратиш, уларнинг ўз касби билан шуғулланишини таъминлаш масалаларини самарали ҳал этишга хизмат қилади. Бу эса партиямиз Дастурининг устувор йўналишларидан биридир.
Мавлуда Алимова, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси:
– Бизнинг партиямиз “Аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳамда бугун мамлакатимизда ижтимоий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли сиёсатни қўллаб-қувватлаган ҳолда аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашга, ижтимоий хавфли касалликларнинг олдини олиш ва уларга барҳам беришга қаратилган миллий давлат дастурларини фаоллаштириш ушбу йўналишдаги асосий вазифалардан бири деб ҳисоблайди.
Ойша Охунова, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси:
– Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда жиддий муаммолар, давлат санитария назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатининг ҳолати ва қўллаш амалиёти, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принциплари ўрганилди. АҚШ, Буюк Британия, Франция каби мамлакатларда санитария-эпидемиология масалаларида осойишталикни таъминлаш масалаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тажрибаси эътиборга олинди. Фикримизча, қонун лойиҳасида профилактика ишларини ташкил этиш масалаларига ва ўтказиш тартибига, хусусан фуқароларни гигиенага ўргатиш ва тарбиялашга, соғлиқни сақлаш соҳасидаги билим, кўникма ва малакага эга бўлишга ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу масалалар аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигини таъминлашнинг муҳим омиллари ҳисобланади.
Дилором Файзиева, Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи аъзоси:
– Қонун лойиҳаси тараққиётнинг бугунги даражасини ҳамда атроф-муҳит омилларининг салбий таъсири билан изоҳланадиган касалликларнинг олдини олиш масалаларини самарали ҳал қилишга қўйиладиган талабларни инобатга олган ҳолда аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигини таъминлашга қаратилган. Профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларнинг муваффақиятли амалга оширилиши кўп жиҳатдан жамоатчиликнинг фаоллигига ҳамда ваколатли давлат органларини қўллаб-қувватлашига боғлиқ. Шунингдек, мамлакатимизнинг бугунги тараққиёт босқичида аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигини таъминлашда жисмоний ва юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаб берувчи ва тўлдирувчи нормалар катта аҳамиятга эга.
Ҳозирги вақтда атроф-муҳитни ва инсон саломатлигини асраш нафақат давлатнинг, балки жамият, ҳар бир фуқаронинг вазифасига айланиб бораётганлигини ва бу Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг дастурий вазифаси эканлигини ҳисобга олган ҳолда ушбу қонун лойиҳасининг концепцияси бизнинг депутатлар гуруҳимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
Муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ушбу қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ҳамда уни биринчи ўқишда қабул қилди. Масъул қўмитага ҳужжатни келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш топширилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати