Ислоҳотлар самара бераяптими...
Эндиликда бу борада жамоатчилик назорати ўрнатилади ва жараёнга баҳо бериб борилади
Эндиликда бу борада жамоатчилик назорати ўрнатилади ва жараёнга баҳо бериб борилади
Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган ишлар бунга йўл очмоқда.
Мазкур қарор жамоатчилик назоратини кучайтириш билан бир қаторда жамоатчилик фикрини таҳлил этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш мақсадида қабул қилинди.
Бундан ташқари, шу асосда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш асосида бошқарув қарорлари қабул қилинишини сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш кўзда тутилган.
Эндиликда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш натижалари Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кўриб чиқиш учун) киритилганда, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийдир.
Демак, жамият ҳаётида муҳим ўрин тутадиган ҳужжатлар яратилишида ҳар бир фуқаро иштирок этади ва уларнинг асосли фикрлари инобатга олинади.
Илгари ҳар қандай ҳужжат тегишли соҳа ходимлари томонидан тайёрланиб қабул қилиниши амалиётигина мавжуд бўлган. Бу эса айрим қонун ҳужжатларининг ҳаётдан анча узоқ, аҳолига тушунарсиз ҳолда қабул қилинишига сабаб бўлган. Бу эса, табиийки, уларнинг ижро этилишида муаммолар туғдирган.
Эндиликда аҳоли таклифлари инобатга олиниши одамларни жамиятда кечаётган жараёнларга бефарқ бўлмай унда иштирок этишга, ҳужжатлар лойиҳалари билан танишиб, улар ҳақида ўз фикрини айтишга рағбатлантиради. Бу нафақат ҳужжатлар ҳаётийлигини таъминлайди, балки лоқайдликка ҳам барҳам беради. Ахир фикр эшитилиб, инобатга олинса, бу одамда ишонч уйғотади.
Қарор асосида жамоатчилик назоратининг таъсирчан шаклларини жорий этиш мақсадида "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги қонун қайта кўриб чиқилади, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти фаолияти ҳам тубдан такомиллаштирилади.
2020 йил 1 январдан бошлаб республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан 3 бараваригача, вилоят нодавлат нотижорат ташкилотлари учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилади.
2020 йил 1 январдан бошлаб фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.
Бу имконият жамоатчилик институтлари ривожида муҳим ўрин тутади. Куни кеча Адлия вазирлиги томонидан ННТлар фаолияти билан боғлиқ бир қатор хизматларни электрон тарзда амалга ошириш имкониятини таъминловчи e-ngo.uz портали (тест режимида) ишга туширилгани соҳадаги муҳим янгилик бўлди.
Портал орқали ННТ ва уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказиш, ННТнинг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш, ННТнинг ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботлар тақдим қилиш, ННТ томонидан хорижий манбалардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш, ННТнинг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини аккредитациядан ўтказиш мумкин.
Барча давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда мажбурий тартибда уларнинг веб-сайтлари яратилади.
Бу ушбу тизимларда қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга қаратилган шаффоф тизим вазифасини ўтайди.
Қарорга мувофиқ Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс ишлаб чиқилади.
Бу каби амалий чоралар жамиятда жамоат ташкилотлари фаолияти ривожига, жамоатчилик назорати институтининг том маънода самара беришига қаратилган.
Одатда биз ислоҳотлар ҳақида кўп гапирамиз.
Аммо уларнинг амалий самараси муҳимдир. Жамоат назорати кучайиши ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлаш механизми бўлиб хизмат қилади.