Ислоҳотлар – фаровонлик омили
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш ва эзгу мақсадларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш ва эзгу мақсадларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.Буни пойтахтимизнинг Сергели тумани мисолида ҳам кўриш мумкин. Жорий йилнинг ўтган саккиз ойида ушбу мақсадларга 3 миллиард 221 миллион сўм йўналтирилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, оилаларга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
– Хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда, – дейди туман ҳокими Фурқат Мақсудхўжаев. – Жорий йил бошидан буён туманимизда 51 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Жалб қилинган инвестициялар умумий ҳажми 41 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этди. Соҳа вакилларига 22 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 миллиард сўмга кўпдир. Бунинг самарасида металл қуйиш, автомобиль мойини қадоқлаш корхоналари ва соғломлаштириш маркази ташкил этилди. Чет эл инвестициялари жалб этилган “Azamat servise group” корхонасида автомобиллар учун антифризлар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, йодланган туз, қурилиш материаллари ва кимёвий маҳсулотлар, сантехника буюмлари ва мебель ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг самарасида 1100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Янги ташкил қилинган “Интер пласт Ташкент” корхонасида 50 киши иш билан таъминланади.
– Мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда, консерваланган палов, хамир маҳсулотлари, шунингдек, улар учун тунука идишлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик, – дейди корхона директори Ҳикматилло Абдуллаев. – Корхонамиз йилига қарийб 2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Аҳоли учун қулай яшаш ва ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, йўл ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, тоза ичимлик суви, электр ва иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётир. Бунинг учун узунлиги 20 километрдан ортиқ электр линиялари ва 25 трансформатор, 28 қозонхона капитал таъмирланди, янги қозонхона қурилмоқда. Газ тақсимлаш пунктлари техник текширувдан ўтказилиб, 300 метр янги газ қувури ётқизилди. “Сувсоз” давлат унитар корхонаси томонидан 10 гидрант ўрнатилди.
Кўп қаватли уйларнинг томи, олд томони ва кириш йўлаклари жорий ҳамда капитал таъмирдан чиқарилди. Бундан ташқари, 64 минг погон метр ариқ тозаланди. Маҳаллаларда 100 дан ортиқ болалар майдончаси таъмирланди. Ҳомийлар ҳисобидан 40 янги болалар майдончаси қурилди.
– 7600 киши истиқомат қиладиган маҳалламизда жорий йилда тўртта болалар майдончаси барпо этилди, – дейди “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаббат Ешметова. – Кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари таъмирланиб, брусчаткалар ётқизилди. Аҳоли билан ҳамкорликда кўп қаватли уйларнинг олдида автомобиллар турар жойлари ташкил этилди. Аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида бўш турган ҳудудларда ателье, пойабзал таъмирлаш устахоналари фаолияти йўлга қўйилди. Йигирмадан зиёд киши ишга жойлаштирилди. Касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Махсус кийим-кечак ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган “Fashion star” корхонасига уч томонлама шартнома асосида 100 га яқин битирувчи ишга қабул қилинди.
– Бўш иш ўринлари базасини ҳар ой янгилаб борамиз, – дейди Сергели тумани бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ходими Акмал Абдуваҳобов. – Август ойида коллеж битирувчилари учун 800 янги иш ўрни яратилди.
Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар Президентимиз раҳнамолигида Ватанимизни янада равнақ топтириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган улкан ишларнинг ёрқин ифодасидир.