Қўқон шаҳрида 2025 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик баҳордаёқ бошланган эди. Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши қарорига асосан шаҳардаги 147 та ижтимоий соҳа объектини иссиқлик билан таъминлашга танлов асосида “Учкўприк иссиқлик қурилиш монтаж таъмир” масъулияти чекланган жамияти “Хусусий шерик” деб белгиланган.
Аввало, хусусий шерик танлашдаги талабчанлик ҳақида. У ўн йилдан буён қозонхоналар ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва ниҳоят соҳада но хау – сиғимли ва “ақлли”қозон яратди. Уларни етарлича ишлаб чиқариб, Қўқондаги барча мактаб, мактабгача таълим муассасалари ҳамда шифохоналар ҳудудларига ўрнатди. Бунинг учун тенг миқдорда 11,8 млрд сўмдан бюджет ва хусусий шерик маблағи сарфланди.

– Корхонамиз иситиш қозони ишлаб чиқаришга ихтисослашган, —дейди унинг раҳбари Шуҳрат Қаландаров. — 30 киловатдан 1 меговаттгача бўлган қаттиқ ёнилғига мўлжалланган иситиш қозонларини ишлаб чиқарамиз. Бир йилда 20 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб бердик.
Бугун Қўқондаги қайси ижтимоий соҳа манзилига борманг, бино хоналарида мўътадил иссиқлик таъминланган. Масалан, шаҳардаги 1-мактабда аввалги йиллар қиш мавсумида жиддий муаммолар учрар эди.

– Мактабимизда 2600 нафар ўқувчи бор. Аввал 13 та қозонхона бўлган. Ҳар бирига кўмир ташиб бориб солинар эди. Давлат хусусий шерикчиликка ўтилганидан кейин бизга “ақлли”қозонхоналар ўрнатишди. Ҳозирги пайтда 81 та синфхонада мўътадил ҳарорат ушлаб турилибди, – дейди мактаб директорининг ўринбосари Санжар Солижонов.

Хўш, “ақлли”қозонхона яна нимаси билан афзал? Қўқон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, масалан,ўша 1-мактабнинг ўзида:
– Ўртача ҳар бир насосга 3 киловаттдан электр энергия ишлатилган. 14 тада эса соатига 30-40 киловаттдан электр энергия сарфланган, ¬– дейди Шуҳрат Қаландаров. – Биз тизимларни ўзгартириб биттасига 300-700 ватт энергия сарфлаймиз. Илгари сувни юқорига мажбуран олиб чиқилган бўлса, эндиги тизим иссиқлик фақат юқорига ҳаракат қилиши принципи асосида бўлгани учун сув ўз босими билан 1-5 қаватга кўтарилади ва хоналарни мўътадил бир маромда иситади. Бу билан ҳар бир объектда 30 кВтдан электр энергияси иқтисодига эришилади. Шаҳар миқёсида эса 3,5 млрд сўмлик 3,5 млн киловатт соат электр энергия тежаб қолинмоқда.

2025-2026 йилда қиш мавсумида биронта ижтимоий манзилда муаммо бўлмайди, дейди ҳокимлик масъуллари. Бу қанчалар ёқимли хабар.
Давлат хусусий шерикчиликдаги Қўқон тажрибаси ва унинг иситиш тизимидаги янгилиги мамлакат бўйлаб қўлланилсачи?
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/uLZ17z0khiI?si=6CRACO83-Pms3FZz" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(видео,сурат), ЎзА