Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иситиш радиаторлари импорт эмас, экспорт қилинади
15:11 / 2025-07-16

Ўзбекистон қурилиш мамлакатига айланди. Қаерга борманг, бири-бирига ўхшамас меъморий ечимдаги осмонўпар бинолар, замонавий уй-жойларни кўрасиз. Шу аснода Ўзбекистонда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш турлари кескин ортди. Ҳатто улар қаторидан энди иситиш панеллари ҳам жой олди.

Яқин-яқингача уйимизда иситиш учун чўяндан қуйилган қовурғали  радиатор бўлар эди. Ундан кейин Туркияда ишлаб чиқарилган иситиш панелларини анча пулга сотиб олдик. Мана энди Ўзбекистонда, ўзимизда шундай панеллар ишлаб чиқариляпти.  

Фарғона вилоятининг Қўқон иқтисодий зонасида фаолиятини бошлаган мазкур корхона аввалроқ ишга тушган Тошкентдагига нисбатан бир ярим баробар юқори қувватга эга. “Thermo Tech” корхонасини фарғоналик таниқли тадбиркор Зиёвиддин Юнусов таъсис этди. Бу лойиҳа қиймати 35 миллион доллар бўлиб, беш миллиони таъсисчининг улуши сифатида қўшилган бўлса, қолган қисмига Италия ва туркиялик ҳамкасблари тўғридан-тўғри инвестиция киритди. Бу аввало Ўзбекистонга, ундаги иқтисодий, ҳуқуқий ислоҳотларга бўлган ишонч эди.

– Корхонанинг бир йиллик қуввати 800 минг погонометр. Бу 800 мингтадан 1 миллионтагача  радиатор ишлаб чиқариш дегани, – дейди корхона ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Баҳодир Қурбонов. –Ускуналаримиз роботлашган ва автоматлаштирилган тизимда ишлашини ҳисобга олганда сифати бирдек ўзгармайди ва юқори даражада бўлиб қолади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимиз Европа стандартларига мос келади. Бўёқларимиз эса Туркиядан келтирилади. Коррозияга қарши чидамлилик даражаси юқори ва у узоқ йиллар халқимизга хизмат қилади, деган умиддамиз.  

“Thermo Tech” мутасадди ва мутахассисларининг маҳсулот сифати ҳақидаги ишончли сўзлари амалда исботини топмоқда. Бу ерда ҳар бир панел алоҳида шартлар асосида синовдан ўтказилади.

– Пайвандланган радиаторларни синовдан ўтказамиз, – дейди оператор Фозил Боймуродов. – Бу жараёнда 11-12 атмосферада ҳаво босими берамиз. Яхши ҳолати аниқлангач бўёқхонага юборамиз.

Технологик жараён шундайки, Россия ва Хитойдан келтирилган металл ўрамалари буюртмачи талабига кўра узунликда кесиб олинади ва ўнлаб роботлар ижросида тайёр маҳсулотга айланади. Бунда пайвандлаш жараёни муҳим. Уни ҳам робот машиналари бажаради ва сифатини текширади.

– Пайвандлаш линиямиз Италияники, – дейди Баҳодир Қурбонов. – Қолган ускуналар Хитой ва Туркиядан олиб келинди. Уларнинг 90 фоизи автоматлаштирилган ва роботлаштирилган тизимда ишлайди. Мутахассислар ишчиларимизни Италия ва Туркиядан келиб ўқитишди. Шундан сўнг, яъни билим ва тажрибалари ошгач корхонамиз иш бошлади.

“Thermo Tech” йилига 600 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришни режаланган. Унинг 25 фоизи эса жумладан, Европага экспорт қилинади. Бунинг учун аввало юқори сифат бўлиши лозим.

– Аввало шуни айтишим керакки, бу линия Европада ҳам энг самарадоридир. Ёки, йилига турли ўлчамдаги 900 минг дона иситиш радиаторлари ишлаб чиқариш қувватига эга, – дейди италиялик муҳандис Mирко. – Ҳатто Хитой ва Россиядаги линиялар ҳам йилига 600 мингтадан ошира олмайди. Қолаверса сифат коэфиценти ҳам уларга нисбатан икки баробар юқори. Айнан шунинг учун радиаторларга дунё бозорида талаб ортмоқда.

– Бу каби мураккаб, роботлашган линияни бошқариш махсус билим ва кўникма талаб этади, – дейди туркиялик технолог Метин. – Шунинг учун ёшларни мукаммал ўқитдик. Мана энди уларнинг ўзлари барча жараённи назорат қилмоқда.

Ҳа, иқтисодий эркинлик ва ислоҳотлар туфайли кўплаб соҳаларда Ўзбекистон импорт қилувчидан экспортчи мамлакатга айланди. Мана энди улар қаторига иситиш радиаторлари ҳам қўшилди.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/OWfZS5AZ3F4?si=o2jyPsSNP2VJXW-F" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов

Тасвирчи: Элёр Олимов