French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иситиш қурилмалари ва электр жиҳозларидан тўғри фойдаланиш жуда муҳим
18:56 / 2025-11-03

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида аҳоли хонадонларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражасини ўрганиш ҳамда фуқароларнинг хавфсизлик бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида “Хавфсиз маҳалла, хавфсиз кўча, хавфсиз хонадон” шиори остида профилактик тадбир ўтказилди.

Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир доирасида сўнгги ўн кун ичида тумандаги 3341 та хонадон тўлиқ ўрганиб чиқилди.

Текширувлар жараёнида иситиш тизимларининг ҳолати, электр жиҳозларидан фойдаланиш қоидалари, газ ускуналарининг техник ҳолати ва ёнғин хавфсизлиги чоралари кўриб чиқилди. Ўрганишлар натижасида 1620 дан зиёд камчилик ва қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, шуларнинг 1347 таси тегишли идоралар иштирокида қисқа фурсат ичида бартараф этилди.

— Куз-қиш мавсумида фуқароларнинг иситиш қурилмалари ва электр жиҳозларидан тўғри фойдаланиши жуда муҳим, —дейди Боёвут тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари Элёр Алиқулов. — Акс ҳолда газ сизиши, ёнғин ёки бошқа нохуш ҳолатлар юзага келиш эҳтимоли юқори бўлади. Шу боис, биз ҳар бир маҳаллага кириб бориб, аҳолини хавфсизлик қоидалари билан таништиряпмиз, амалий тавсиялар беряпмиз. Ҳар бир хонадонда огоҳлик ва масъулиятли муносабат бўлса, туманимизда тинч ва осойишта ҳаёт кафолатланади.

Тадбир давомида аҳоли билан суҳбатлар ўтказилиб, фуқароларга ёнғин хавфсизлиги, газ ва электр жиҳозларидан фойдаланишдаги энг муҳим қоидалар ҳақида тушунчалар берилди. Ҳар бир хонадонда “Огоҳлик — хавфсизлик асоси” шиори остида буклет ва тавсияномалар тарқатилди.

Шунингдек, профилактик гуруҳлар томонидан кўчама-кўча юриш орқали тарғибот ишлари амалга оширилди. Бу жараёнда аҳолига хавфсизлик қоидаларига амал қилиш нафақат ўз оиласи, балки бутун маҳалланинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши тушунтирилди.

— Бугунги кунда бундай профилактик ишлар нафақат Боёвут туманида, балки Сирдарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида изчил давом эттирилмоқда, — дейди вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи, капитан Давронбек Сулаймонов. — Асосий мақсадимиз — аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир хонадонда огоҳлик даражасини ошириш ва эҳтиёт чораларига масъулият билан ёндашишни одатга айлантиришдир. Бу орқали биз фақатгина нохуш ҳолатларнинг олдини олмай, балки хавфсиз турмуш маданиятини ҳам кенг тарғиб этмоқдамиз.

Фавқулодда вазиятлар соҳаси ходимларининг таъкидлашича, бундай тадбирлар нафақат бугун, балки бутун куз-қиш мавсуми давомида изчил равишда ўтказиб борилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири