Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иситиш қозонларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
12:16 / 2023-12-26

Чироқчи туманидаги Кишмиштепа маҳалласида истиқомат қилаётган уста ҳунармандлар ота касбини давом эттириб, эл орасида ном чиқарди. Ака-ука Жавлонбек ва Отабек Ҳайдаровлар мана 15 йилдирки, темирчилик ортидан оила тебратиб келаётир.

Кичик саноат зонасида ўз лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган ака-ука тадбиркорлар томонидан лойиҳа қиймати 5 миллиард сўмдан зиёд бўлган турли ҳажмдаги иситиш қозонхоналари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. 

“Komfort” бренди остида катта ҳажмда иситиш қозонхоналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган янги лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 35 та янги иш ўрни яратилди. Келаётган 2024 йилда эса қўшимча 100 та янги иш ўрни ташкил этилади. 

Кичик саноат зоналари тадбиркорларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга. Ривожланган хорижий давлатларда кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, саноатнинг технологик ривожланиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишнинг муҳим механизмларидан бири индустриал парклар, технополислар ва саноат зоналари ҳисобланади.

–Кўмирда ишлайдиган иситиш қозонлари ишлаб чиқаряпмиз, – дейди корхона раҳбари Отабек Ҳайдаров. – Маҳсулотларимиз бутун республикамиз бўйлаб етказиб берилмоқда. Иситиш қозонларимиз ёқилғи тежамкорлиги билан ажралиб туради. Фойдали иш коэффиценти 90 фоизни ташкил қилади. Энг узоқ ёнувчи бункерли котёл ҳисобланади. Исталган кўмирдан тўлдириб қўйилса, 24 соат иситади. Ҳароратни бир хил ушлаб туради. 20 киловатдан 1 минг 200 киловатгача иситиш қозони ишлаб чиқаряпмиз. Йилига 4 мингтагача иситиш қозони ишлаб чиқарамиз. 40 та иш ўрни яратганмиз. Ишчиларга 5 миллиондан 20 миллион сўмгача иш ҳақи беряпмиз. Корхонамиз энг замонавий Европадан келтирилган технологиялар билан таъминланган. Қозонларимизнинг хавфсизлик томонлари тўлиқ таъминланган. 5 йилгача кафаолат берамиз. Бугунги кунда хонадонлар, боғчалар ва мактаблардан кўп буюртмалар тушяпти. Иссиқхоналарга ҳам иситиш қозонлари ишлаб чиқаряпмиз. Энг муҳими, ҳар йили маҳсулотларимизни модернизация қилиб боряпмиз. Мижозлар кўп. 27 хил турдаги иситиш қозонлари ишлаб чиқаряпмиз. Келгусида иш ўрнини 200 нафарга етказиб, 100 хил турдаги метал маҳсулотлар ишлаб чиқаришни мақсад қилганмиз. Темирга қайта ишлов бериб маҳсулотлар сонини оширишни режа қилганмиз. Тадбиркорларга берилган имкониятлардан фойдаланиб, саноат зонасидан бизга 50 сотих ер ажратилди. Устахона қурдик. Сув, газ, электр таъминотида имкониятлар яратилган. Ижара шартномамиз бор. Солиқлардан озод қилинганмиз.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири