Фарғона шаҳри "Кимёгарлар" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Саноатчилар” ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида “Teplo Ideal” масъулияти чекланган жамиятининг энергия тежамкор иситиш қозонлари ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини модернизация қилиш борасидаги қарори ҳамда унинг доирасида иситиш қозонлари ишлаб чиқарувчилар божхона ва солиқ имтиёзлари орқали қўллаб-қувватланаётгани тадбиркорларни янги лойиҳаларни амалга оширишга ундамоқда. Мазкур корхона йилига 750 та кўмир ёқилғисида ишлайдиган энергия тежамкор иситиш қозони ишлаб чиқариш қувватига эга.

Президентимизнинг қарорлари билан Фарғона вилоятида жами 6 мингдан зиёд, шу жумладан, жорий йилнинг ўзида 2 минг 455 та давлат ижтимоий соҳа объектининг иситиш тизимлари давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилинмоқда. Уларга энергия тежовчи ва хавфсизлик даражаси юқори бўлган иситиш қозонлари ўрнатилди.

Корхонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иситиш қозонлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш учун вилоятда барча шароит яратиб берилишини таъкидлади.
Тадбиркор Адҳамжон Маъмуров ташаббуси ҳамда ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилган лойиҳа қиймати 12,5 миллиард сўм бўлиб, корхона Хитойдан келтирилган замонавий технологиялар билан жиҳозланган.

Корхонада ишлаб чиқариладиган автоматлаштирилган иситиш қозонлари аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини самарали иситиш тизимлари билан таъминлаш учун хизмат қилади.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири