Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иситиш мосламалари синовдан ўтказилди
16:02 / 2015-09-28

Тошкент вилоятида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларнинг 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошкент вилоятида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларнинг 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйлар белгиланган тартибда жорий ва мукаммал таъмирдан чиқарилди. Юзлаб кўп қаватли уй-жой мавсумга тайёрлаб қўйилди.

Президентимизнинг жорий йил 7 июлдаги “Республика иқтисодиёти ва ижтимоий тармоқларини 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.

Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра, ўтган йиллар тажрибаси ва йўл қўйилган камчиликлардан келиб чиқиб, вилоят ҳокимининг қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ иқтисодиёт тармоқларини қишга тайёрлаш ишлари изчил олиб борилаётир. Вилоятдаги кўп қаватли уй-жойларни мукаммал таъмирлаш, аҳолини ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларни қиш мавсумига ҳозирлаш, таълим масканларининг бинолари, улардаги муҳандислик-коммуникация тизимлари, иситиш тармоқларини таъмирлаш ва янгилаш, кўмир захирасини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

Маълумотларга кўра, таълим муассасаларининг бир юз элликка яқини марказлашган иссиқлик тизимига уланган. Бир минг саксонтаси локал қозонхоналар орқали иситилади. Айни кунларда ана шу тизимларда аниқланган носозликлар бартараф этилмоқда. Шунингдек, юздан ортиқ таълим муассасасининг томи, ички иситиш тизими жорий таъмирланди. Улардаги синган ойналар алмаштирилиб, анъанавий лампочкалар тежамкор лампаларга ўзгартирилди. Бир юз элликка яқин қозон ва қозонхоналарни жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Куз-қиш мавсумининг кўнгилдагидек ўтиши табиий газ ва иссиқлик энергияси таъминоти корхоналари зиммасига, айниқса, жиддий масъулият юклайди. Зеро, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳалари куз-қиш мавсумида барқарор ишлаши, шунингдек, аҳоли ҳам қиш-қировли кунларни беташвиш ўтказиши айнан юқоридаги корхоналарнинг мавсумга қай даражада тайёргарлик кўришига боғлиқ.

Буни яхши тушунган “Чирчиқшаҳаргаз” филиали мавсум тадоригига махсус режа асосида барвақт киришиб, энг асосий ва муҳим вазифаларни ёғин-сочин кунларга қолдирмай ниҳоясига етказишга жиддий бел боғлади. Натижада йиллик режага киритилган 135 газ тақсимлаш нуқтасининг ҳаммаси август ойининг охиригача тафтишдан ўтказилди.

– Совуқ кунлар бошланганда, табиийки, газ босими оширилади, – дейди филиал бош муҳандиси Абдулла Холмуҳамедов. – Шу боис қувурларнинг у ер-бу ерида носозликлар юз бермаслиги учун, улар махсус асбоблар ёрдамида текширилади. Бу йил 16,8 километр узунликдаги қувурлар режа асосида шундай текширувдан ўтказилди. Табиий газ линияларининг баъзи еридаги носозликлар туфайли газ ҳавога беҳуда чиқиб кетишининг олдини олиш учун 79,3 километрлик қувурларнинг зичлиги режа бўйича синовдан ўтказилиб, камчиликлар бартараф этилди. 5,5 километр қувурлар бўяб бўлинди. Иситиш мавсуми бошланишидан олдин ҳар йили 27 минг 643 дудбурон олдиндан текширувдан ўтказилади. Ҳозиргача уларнинг етти мингга яқини кўздан кечирилди. Ҳадемай, қолганлари ҳам мавсумга соз ҳолга келтирилади.