Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Иштиёқ» – китобхонлар учун янги туҳфа
20:00 / 2024-03-27

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Журналистлар, Ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси, «Энг улуғ, энг азиз», «Ватан учун яшайлик», «Посбониман муқаддас юртнинг» каби республика танловларининг совриндори, шоир ва журналист Туроб Ниёзнинг «Noshir» нашриётида чоп этилган «Иштиёқ» номли шеърий китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот тадбирида таниқли шоир ва адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдусаид Кўчимов, филология фанлари номзоди, профессор Адҳамбек Алимбеков, таниқли шоир ва олим Маҳмуд Йўлдошев, адабиёшунослар Ҳулкар Ҳамроева, Жовли Хушбоқ Туроб Ниёз ижоди ҳақида батафсил сўзладилар.

Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Умида Абдуазимова, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шоди Отамурод, адиб ва журналист Абдужалол Тайпатов, таниқли шоира Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи,  журналист ва олима Гулжаҳон Мардонова муаллифнинг янги китоби хусусида фикр билдирдилар. Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова, хонанда Абдулла Раҳимжонов Туроб Ниёз шеърлари асосида яратилган қўшиқларини ижро этдилар.

Эътироф этилганидек, Туроб Ниёз ижодида халқимизнинг бой маънавий меросига, айниқса, халқ оғзаки ижодиётининг бебаҳо намуналари бўлмиш мақоллар, ривоятларга таяниш, фикрни содда, равон, халқчил, вазмин, ғоят самимий тарзда ифодалаш устувор аҳамият касб этади. 

[gallery-16630]

Туроб Ниёзнинг мазкур янги китобидан шеър, ғазал, тўртлик ва иккиликлар ўрин олган. Шу билан бирга мазкур китобга «Ўзбек халқ оғзаки ижодидан илҳомланиб» саҳифаси ҳам киритилган бўлиб, унда тўй, байрамларда айтиладиган лапар, ёр-ёрларга ўхшаш, халқона йўлда ёзилган тўртликлар ҳамда давом эттирилган мақоллар мавжуд. 

Маълумки, ўзбек халқ мақоллари асрлар мобайнида сайқалланиб, жило топиб бизгача етиб келган. 

– Ушбу мақолларни давом эттириш жараёнида шунга амин бўлдимки, улар нафақат тўртликларга, балки шеър ва достонларга ҳам асос вазифасини ўтай олади, – дейди Туроб Ниёз. – Чунки улардаги кучли бадиийлик, аниқлик, лўндалик ва жозиба шундан далолат беради. Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардимки, мақолларни давом эттиришга шоирлар томонидан ҳали қўл урилмаган. Бу биринчи тажрибадир. 

Тадбир сўнггида Туроб Ниёз қатнашчиларнинг турли хил саволларига жавоб берди. Шунингдек Хореграфия академияси талабалари томонидан шеърлар ўқилди, рақслар ижро этилди.

Н.Усмонова, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА