Иштихон туманида “Иштихон ижод мактаби” ташкил этилганлигининг бир йиллиги муносабати билан “Ижодимиз сенга бахшида, жонажон, янги Ўзбекистоним!” шиори остида адабиёт ва шеърият тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари ташаббуси билан ташкил этилган тадбир аввалида Самарқанд вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси Саидаҳмад Усмонов вилоят ҳокимининг тадбир иштирокчиларга ҳамда самарқандлик таниқли ижодкор, Ўзбекистон Миллий университети доценти Тўлқин Эшбек таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан табрик сўзларини ўқиб эшиттирди.
Ижодий кечада Иштихон тумани ҳокими Фазлиддин Рўзиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Фармон Тошев, Хосият Бобомуродова, Тошпўлат Тугалов ва бошқалар адабиёт ва сўз қудрати, мутолаа завқи ҳақида гапиришди. Бир йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Иштихон ижод мактаби”нинг жамиятга бераётган фойдаси, ёшларнинг адабиётга қизиқишини оширишда мактабнинг ўрни ҳақида сўз юритилди. Ушбу ижод мактаби ташкилотчиси Тўлқин Эшбек ижоди тилга олинди.
Туманда китобхонликка эътиборни ошириш мақсадида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинига 100 нусхадан бадиий китоблар жамланмаси тақдим этилмоқда. Мазкур тадбирда ҳам бир қатор маҳаллалар раисларига китоблар тўплами туҳфа этилди.
Мушоирага айланиб кетган маънавий тадбирда иштихонлик ижодкорлар – таниқли тележурналист Абдурасул Ашуров, шоира Муҳаббат Тўхташева, ёзувчи Улуғбек Ўриновнинг ижоди ва ҳаёт йўли эътироф этилди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА