Жорий йилнинг 13-21 февраль кунлари Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, йигирмага яқин вазирлик ва идоралар, сектор раҳбарларидан иборат Республика ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги 62 та маҳаллада ўрганишлар олиб борди.
Унга кўра, аниқланган 10 мингдан ортиқ муаммоли масалаларнинг қарийб 7,5 мингга яқини жойида ҳал этилди, 3 мингга яқини эса кўриб чиқиш учун назоратга олинди. Ўрганишлар давомида асосий эътибор ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, бу билан ишсиз аҳолини доимий иш билан таъминлаш, реал даромадини оширишга қаратилди. Айни бу борада ҳудуднинг ўсиш драйверларидан келиб чиқиб, лидер тадбиркорлар фаолиятини кооперация алоқалари орқали аҳолининг ишсиз қатламига бириктириш ва бандлигини таъминлашга эришилди.
Хусусан, туманда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 6,2 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилгани 235 нафар фуқаронинг ўз тадбиркорлигини бошлаши учун катта имконият бўлди.
Халқни ўйлантириб келаётган ички йўллар таъмири, электр энергияси, газ ва ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ энг бирламчи ҳаётий масалаларга ҳам ечим топиш чоралари кўрилди. Бу жараёнда 91,7 км. ички йўллар шағаллаштирилди, 2 км. йўлга асфальт ётқизилди. Янги трансформатор ўрнатилиб, эскилари таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 474 дона бетон устунлар ўрнатилди, 13,2 км. янги электр кабели тортилди.
Чақар маҳалласининг Хўжамурод қишлоғида йилдан-йилга аҳоли сонининг ортиб бориши натижасида турли узилишлар кузатилаётгани, қўшимча равишда трансформатор ўрнатиш лозимлиги аниқланганди. Шундан сўнг, 30 дан ортиқ қўлбола симёғочлар темирбетон таянч устунларга алмаштирилди. 160 киловатли янги трансформаторнинг ўрнатилиши билан 138 та хонадоннинг электр энергия таъминоти яхшиланадиган бўлди.
Шунингдек, Иштихон туманининг "Тўпор", "Намуна", "Шайхислом", "Қайирма", "Йўғонтепа", "Миришкор", "Зарбанд", "Ғофур Ғулом", "Азамат" маҳаллаларида ҳам 6 та сув иншоотларини қуриш, 16,2 км.ли ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари амалга оширилмоқда. Натижада ушбу маҳаллаларда яшовчи 3 мингга яқин аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиб, 1250 нафар аҳоли илк бор марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Ўрганишлар доирасида тумандаги ижтимоий соҳа объектлари, таълим муассасаларининг аҳволи, моддий таъминотидаги муаммолар ҳам ўрганилди. Хусусан, 5 та мактабга бадиий адабиётлар тўплами берилган бўлса, 2 та мактабга 21 миллион сўмлик электрон доска ва қуввати 15 кВт бўлган қуёш панели ўрнатилди. 12 та мактабга эса 119 миллион сўмлик, 2 та мактабгача таълим ташкилотига 124 миллион сўмлик зарурий жиҳозлар ва ўқув парталари топширилди. 5 та мактабнинг электр кабеллари таъмирланди, 1 тасида янги қозонхона қурилди. 149 нафар эҳтиёжманд оила фарзандларининг мактабгача таълим ташкилотига имтиёзли равишда қабул қилиниши ташкил қилинди.
Бандлик масаласида ҳам муаммолар кўриб чиқилди. Жумладан, Республика ишчи гуруҳи ўрганишлари давомида 725 нафар фуқаронинг бандлигига кўмаклашилди. 258 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 249 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди, 218 нафари ўзини ўзи банд қилиши бўйича давлат рўйхатидан ўтказилди. Иштихон маҳалласида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 96 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, 90 нафар ишсиз фуқарога тикув машиналари, мотокультиваторлар тарқатилди. 349 нафар “Ёшлар дафтари”да бўлган йигит-қизларга 514,2 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг “Оққўрғон тажрибаси” асосида Иштихон туманидаги ўрганишлари хонадонларгача кириб бориш, одамларни ўйлантираётган масалаларни энг бирламчи нуқтада аниқлаб, уларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этди. Ҳудудда аниқланган муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва ҳал этиш мақсадида эса аниқ молиялаштириш манбалари, ижро муддатлари ва “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
ЎзА