Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иштихон тиббиётидаги ўзгаришлар самара берди (+видео)
09:32 / 2025-11-20

Қисқа фурсат – 5-6 ойда бир тизимда ўзгариш қилиш, хизмат сифатини ошириш мумкинлигига бугун иштихонликлар ишонади, десак муболаға бўлмайди. Гап тиббиёт соҳаси, туманда тиббиётнинг бирламчи бўғини фаолиятини такомиллаштириш борасида бошланган ишлар ва унинг натижалар ҳақида бормоқда. 

Шу йилнинг 7 май куни давлатимиз раҳбари тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини янада ошириш масалалари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида бирламчи бўғинда тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича янги тизим йўлга қўйилиши айтилди. Бу тизим Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида шу йилнинг ўзида биринчилар қаторида жорий қилиниши белгиланди. Ишларни жаддалаштириш учун “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури эълон қилинди. 

Янги тизимни йўлга қўйиш, Президент қайд этган вазифаларни амалга ошириш учун Иштихон туманига пойтахтдан мутахассис юборишга қарор қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлигида департамент раҳбари сифатида ишлаб келаётган Суннатулла Сафаров бу вазифани бажаришни ўз зиммасига олди.

[gallery-26375]

– Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолининг ишончига муносиб тиббиётни йўлга қўйишга қаратилган фармон ва қарорлари лойиҳаларни тайёрлашда ўз таклифларимизни берганмиз, улар асосида дастурлар ишлаб чиқишда қатнашганмиз, – дейди Самарқанд вилояти Иштихон тумани соғлиқни сақлаш бўлими мудири Суннатулла Сафаров. – Шунинг учун 19 май куни қабул қилинган “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросини қуйи тизимда туриб таъминлаш мақсадида Иштихонга келиб, иш бошладим. Видеоселектор йиғилишида, қолаверса, фармонда янги тизимни йўлга қўйишнинг аниқ тартиб ва муддатлари белгилаб берилган эди. Талаб қилинадигани – вазифаларни сифатли, ўз муддатида бажариш. Шу йилнинг май ойи ҳолатида иштихонлик 282 мингдан ортиқ аҳолига туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 1 та марказий, 4 та оилавий поликлиника, 9 та оилавий шифокорлик пункти ва 23 та маҳалла тиббиёт пунки орқали бирламчи тиббий хизмат кўрсатилган. Тизимдаги ислоҳотлар ушбу муассасаларни мақбуллаштиришдан бошланди. Бириктирилган аҳоли сонидан келиб чиқиб, 29 та оилавий поликлиника ва филиаллар ташкил этилди. Яъни 9 та иккинчи типдаги (12 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатадиган), 16 та биринчи типдаги (12 минг нафаргача аҳолига хизмат кўрсатадиган) ва 4 та (3000 нафаргача аҳолига хизмат кўрсатадиган) филиаллар фаолият бошлади. Ҳатто, туманимизнинг энг чекка, марказдан 45 километр олисдаги, 700 нафар аҳоли яшайдиган ҳудудида ҳам оилавий поликлиника филиали ташкил этилди. Бу муассасалар рақамли тизимда фаолият кўрсатиши учун тўлиқ интернет алоқаси билан таъминланди, замонавий платформаларга уланди. “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” доирасида поликлиника ва филиалларда аҳоли ва тиббиёт ходимлари учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратилди. Ҳатто қўл ювиш учун шароит бўлмаган муассасалар бор эди. Биноларга ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам эркин ҳаракатланган ҳолда келиб-кетишлари учун имконият яратишга эътибор қаратилди. 

Республика ихисослаштирилган тиббиёт марказлари ва вилоятдаги етакчи тиббий ммуассасалар ходимлари, Самарқанд давлат тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари ёрдамида туманда хатлов ўтказиб, аҳолининг барча қатлами саломатлик ҳолати ҳақидаги маълумотлар электрон базага киритилди. Хатлов натижасида 21 фоиз аҳоли у ёки бу касаллик билан назоратда туриши аниқланди. Аниқланган касалликлар бўйича беморлар режа асосида марказий шифохонага йўналтирилди ва даволаш чоралари кўрилди.

– Бирламчи бўғиндаги ислоҳотлардан мақсад тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, аввало оилавий поликлинканинг ўзида аҳолига зарур тиббий ёрдамни кўрсатиш имкониятини яратиш эди, – дея сўзида давом этади Суннатулла Сафаров. –  Бунинг учун оилавий поликлиникалар замонавий тиббий ускуналари билан таъминланиши, малакали тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатиши лозим. Шу мақсадда 10 та поликлиникага УТТ, 5 тасига рентген аппаратлари берилди. Марказлашган лаборатория тизими йўлга қўйилиб, поликлиникаларда олинган қон таҳлиллари марказий шифохонадаги лабораторияда 18 хил текширувдан ўтказилади. Махсус автомашиналар ҳар куни тўрт йўналишда поликлиникалардан текширув учун олинган қон намуналарини лабораторияга олиб келади ва таҳлил натижалари бир соат ичида DMED ягона электрон ахборот тизимига киритилиб, шу орқали оилавий шифокор ва фуқарога етказилади. Ислоҳотлар бошланган пайтда кадрлар масаласи ҳам оғир эди, яъни 55 фоиз ўринлар вакант эди. Оилавий шифокор ва ҳамширалар маоши икки баробар оширилиб, улар фаолиятини баҳолашда KPI йўлга қўйилгач, вазият ўзгарди. Илгари оилавий шифокор 3-3,2 миллион сўм маош олган бўлса, ҳозир 7 миллион сўмдан ортиқ ойлик олади. Устама ва бошқа рағбатлантиришлар ҳам қўшилса 22 миллион сўмдан ошади маош. Ўз устида ишлайдиган, вазифасини тўла-тўкис бажарадиган ҳамшира ҳам қўшимча рағбатлантиришлар билан 12 миллион сўмгача ойлик олиши мумкин. Ана шу эътибор ва имкониятлар туфайли туманимиздаги поликлиникаларга бошқа вилоятлардан 18 нафар, қўшни туманлардан эса 16 нафар шифокор келиб, иш бошлади. 

Тизимдаги яна бир яхши ҳолат – эндиликда оилавий шифокорни аҳолининг ўзи танлайди. Агар фуқаро ўз оилавий шифокори хизматидан қониқмаса, бошқа шифокор танлаши мумкин ва бу ҳар уч ойда амалга оширилади. Оилавий шифокор ўзига бириктирилганидан кўп аҳолига хизмат кўрсатса, унинг ойлигига қўшимча қўшилади. Аксинча, фаолиятидан норози бўлиб, аҳоли бошқа шифокорга ўтиб кетса, ўша шифокор билан битимни бекор қилишимиз мумкин. Шунинг учун ҳозир оилавий шифокор ўзига бириктирилган аҳоли билан кўпроқ ишлашга, уларнинг саломатлигини доимий назорат қилишга интилади. Шу билан бирга аҳолининг ҳам оилавий шифокори олдида маълум бир мажбуриятлари бор, масалан у бир йилда бир марта профилактик кўрикдан ўтиши шарт. Аҳоли давлатнинг кафолатланган пакетидан фойдаланиш учун ҳам оилавий шифокорининг тавсияси, хулосаси зарур. Кафолатланган пакет – бу бирламчи тиббиётда бепул 18 турдаги таҳлил, 34 та ташхислаш, 68 хил дори-дармон дегани.

Туман соғлиқни сақлаш бўлими мудирининг қайд этишича, бирламчи бўғин фаолиятининг жонланиши ва 7 турдаги скринг текширувларининг мунтазам ўтказилиши натижасида касалликларни аниқлаш кўрсаткичи аввалги йилларга нисбатан кўпайган. 

Жумладан, қандли диабетга чалинганлар 1200 нафарга ошган. Йил бошидан буён 49 нафар аёлда сут бези саратони эрта босқичда аниқланиб, уларни даволаш чоралари кўрилмоқда.

“Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” доирасида Миллий тиббиёт маркази мутахассислари хавф гуруҳидаги 5 мингга яқин кишини юрак қон-томир касалликлари бўйича скринингдан ўтказди. Бунинг натижасида 1000 нафар беморда каронография амалиёти бажарилди, 320 нафари операция қилиниб, эрта ўлимларнинг олди олинди.

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази ёдамида туманда кўз касалликлари бўйича 7 хил операция йўлга қўйилди ва бунинг натижасида 200 нафар бемор соғломлаштирилиб, уларни ногиронликдан чиқариш бўйича тавсия берилди. 

Ислоҳотлар натижасида Иштихондан вилоят ва республика тиббиёт муассасаларига бориб, даволанадиган беморлар ҳам камайди. Масалан, шу йилнинг апрел-майь ойларида ўртача 450-480 нафар иштихонлик тумандан четга бориб даволанган бўлса, октябрь ойида бу рақам 124 тага тушди. Республика ва вилоят тиббий марказлари, Самарқанд давлат тиббиёт университети ёрдамида туманнинг ўзида мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилди. Марказий шифохонада илк бор бўйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли бажарилди. 

Кўп тармоқли марказий поликлиника марказий шифохонанинг маслаҳат-диагностика бўлими сифатида қайта ташкил этилди. Оилавий поликлинкалардан йўлланма (бу ҳам электрон тарзда йўлга қўйилган) асосида келган беморлар шу ерда тор соҳа мутахассислари томонидан текширилиб, зарур бўлса, шифохонанинг тегишли бўлимларига жойлаштирилади. 425 ўринли марказий шифохонада кардиология, эндокринология, онкология, кўз касалликлари бўйича ихтисослашган бўлимлар очилди. Бу бўлимлар республика марказлари ва уларнинг вилоятдаги филиаллари билан ҳамкорлик ишлайди, консорциумлар ўтказиб, беморларни аниқ ташхис асосида даволамоқда. 

Яқинда тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Президентимиз фармонига кўра, соҳа ходимларидан бир гуруҳи қаторида Суннатулла Сафаров II даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирланди.

– Албатта, бу мукофот мен учун байрамга кутилмаган жуда катта совға бўлди, – дейди Суннатулла Сафаров. – Лекин буни иштихонлик барча тиббиёт ходимларининг меҳнатига берилган юксак баҳо, туманда давлатимиз раҳбари бошлаган ислоҳотларни амалга оширишдаги фидойиликларининг эътирофи сифатида қабул қилдик. Янаям қувонарлиси, давлатимиз раҳбарининг “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори бўлди. Мазкур қарор билан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига жуда катта имтиёзлар берилмоқда, иш ҳафтаси 5 кунлик тизимга ўтказилмоқда, тиббий хизматдан фойдаланиш, санаторийларда дам олиш учун имконият кенгайтирилмоқда. Биз бу эътибор ва ғамхўрликка жавобан зиммамиздаги улкан масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатамиз. Тиббиётнинг давлат ва халқ ўртасидаги мустаҳкам кўприк бўлишига ҳисса қўшамиз.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5AhnHCu_36g" title="Ishtixon tibbiyotidagi o‘zgarishlar samara berdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат, видео),

ЎзА мухбирлари