English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иштирокчилар сони янада кўпайди
10:32 / 2025-06-24

БМТ Бош Ассамблеясининг 49-сессиясида таъсис этилган Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни муносабати билан Орол денгизининг қуриган тубида “Aral Sea Eco Marathon 2025” марафони бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиздан ташқари, Япония, Франция, Кения, Хитой, Покистон, Того, Қозоғистон, Россия ва Беларус каби давлатлардан 50 нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Марафон иштирокчилари 5, 10, 21 ва 42 километрдан иборат масофаларни босиб ўтди.

Тадбирнинг асосий мақсади — дунё жамоатчилиги эътиборини чўлланишдек ўткир экологик муаммога қаратиш, Орол денгизининг флора ва фауна дунёсини асраш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни тарғиб қилиш, бунинг олдини олиш чораларини кўришга ундашдан иборат. 

Марафон бош ҳамкори — “Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамияти, ташаббускори ва ташкилотчиси эса ProRun жамоаси ҳисобланади.

Орол денгизи экомарафони — бу бир пайтлар улуғвор бўлган, ҳозирда кимсасиз Орол денгизи тубида ўтказиладиган ўзига хос пойга. Бу шунчаки марафон эмас — бу ақлий куч ва жисмоний чидамлилик синови.

Марафон иштирокчилари бепоён чўл ландшафтлари орасида чопиб, нафақат мураккаб йўлни босиб ўтдилар, балки энг йирик экологик фалокатлардан бирининг оқибатига эътиборни жалб қилиш орқали муҳим экологик миссиянинг бир қисмига айландилар.

Марафонда Қорақалпоғистон Республикаси спорт вазири, беш карра жаҳон чемпиони Еркинбай Қутибаев иштирок этиб, бу каби тадбирнинг жаҳон ҳамжамияти учун муҳимлигини, аҳолига атроф-муҳит муаммоларига бефарқ бўлмасликни ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни мунтазам тушунтириб бориш лозимлигини таъкидлади.

Ўтган йили бўлиб ўтган марафонда Франция, Кения, Хитой, Покистон ва Тогодан спортчилар иштирок этган эди. 
Бу йилги марафонда эса янада кўпроқ мамлакатлар спортчилари қатнашишди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири