Бухоро вилояти аҳолиси 1952,8 минг нафарни ташкил этмоқда. Шундан меҳнатга лаёқатли аҳоли сони (меҳнат ресурслари) – 1068,5 минг кишини ташкил этади.
Аҳолининг 82,4 фоизи иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади. Иқтисодий фаол аҳолининг 10 фоизи расмий иш билан таъминланмаган. 48,8 минг нафар аёллар, 26,5 минг нафар ёшлар ишсиз.
Вилоятда айни пайтда ишсизликни камайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Президентимизнинг 2021 йил 28 апрелдаги “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида” ги қарорига асосан вилоятда 2021 йилда янги иш ўринлари ташкил этишнинг 29 минг 568 та прогноз параметрлари ишлакб чиқилган, – дейди вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Анвар Ҳамроев. – Жумладан, инвестиция лойиҳалари ва ижтимоий инфратузилма ҳисобига 15 минг 282 та иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Шундан тармоқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 1 минг 910 та, ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 12 минг 966 та, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига 406 та иш ўрни яратилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 14 минг 286 та янги иш ўрни ташкил этилади.
Мазкур қарор билан жорий йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг умумий прогноз кўрсаткичлари ҳам тасдиқланган. Унга кўра, 16 минг 992 нафар фуқароларга ишга жойлашишга кўмаклашилди. 5 минг 7 нафар киши ҳақ тўланадиган жамоат ишига жойлаштирилди. 3 минг 677 нафар касб-ҳунарга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малака оширишга юборилди. 2 минг 568 нафар фуқароларга субсидиялар ажратилди.
Шунингдек, жорий йилда ишсизларни бўш ва заҳира иш ўринларига ишга жойлаштириш прогноз кўрсаткичларига кўра жами 16 минг 992 нафар фуқароларга ишга жойлашишда кўмаклашилади. Шундан мурожаат қилган 14 минг 552 нафар ишсиз фуқаролар бўш иш ўринларига, 2 минг 440 нафар фуқаролар махсус (квота асосида) иш ўринларига жойлаштирилади.
Зариф Комилов, ЎзА