Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишсизликдан ҳоли ҳудудлар кўпаймоқда
16:13 / 2025-09-04

Қарор ва ижро 

Тошкент вилоятидаги қишлоқ жойларида аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш ва даромадини ошириш борасида, оилавий тадбиркорлиги ривожланган хонадонларнинг тажрибаси оммалаштириш, ҳудудларнинг ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятига қараб “ўсиш нуқталари” аниқланиб, уни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. 

Ҳозирда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 559 минг 210 нафарни ташкил қилади. Хусусан, солиқ органлари ходимлари томонидан олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида энг чекка ҳудудларда фаолият юритаётган сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи каби 60 дан ортиқ фаолият тури билан шуғулланиб келаётган фуқароларнинг бандлиги таъминланмоқда. 

Биргина Юқори Чирчиқ тумани бўйича бу йил 1 минг 153 та оила, 5 минг 256 нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилиши режалаштирилган. Камбағаллик даражаси йил бошидаги 7,8 фоиздан 4,1 фоизга туширилади. Юқори Чирчиқ туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бош мутахассиси Шарофжон Ўрмановнинг таъкидлашича, ўтган даврда 797 та оила 1 минг 390 та хизматлар билан қамраб олинди. Шундан оила аъзоларнинг 423 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 124 нафарига имтиёзли кредит маблағлари, 8 нафарига субсидия берилди, 26 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 809 нафари тадбиркорликка жалб этилди. 

Ҳудудда ишсизлик даражаси жорий йил якуни билан 4,0 фоиз бўлиши кутиляпти, 17 та маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирилади. Жумладан, тумандаги “Дархон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Айман Амриев хонадони бугунги кунда нафақат анъанавий ёғоч ўймакорлиги, балки бозор талаблари асосида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган. 

– Азалдан ота-боболарим ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланиб келган, – дейди ҳунарманд Айман Амриев. – Уларнинг ишини ҳозир мен ва оиламдагилар билан бирга давом эттиряпмиз. Яқинда фаолиятимизни ривожлантириш мақсадида 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, хонадонимизда янги цех ташкил қилдик. Бунинг натижасида ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизнинг сифати ва турини кўпайтирдик. Цехда ҳозир турли дарахтлардан идишлар, эшик-ром, стол-стул ва бошқа маиший буюмлар тайёрланмоқда. 10 нафар оила аъзоларимдан иборат иш ўрни яратилган. 

Охирги пайтда бу оила ойига 300 дан зиёд маҳсулот тайёрламоқда. Бу маҳсулотларнинг умумий қиймати ойига 70-80 миллион сўмга етади. Бу эса бир неча оила аъзосининг барқарор бандлиги ва даромадини таъминлайдиган фаолиятдир. Бундан ташқари, ҳудудда “Сайхунобод тажрибаси” асосида янги микро лойиҳа амалга оширилмоқда. “Уйчи тажрибаси” бўйича туманга 4 та банк бириктирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар янги иш ўринлари яратиш борасида тизимли саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. 

“Зарбдор тажрибаси” бўйича эса 2 та лойиҳа амалга оширилиб, ишсизларга даромад манбалари шакллантирилмоқда. Шунингдек, Президентимизнинг 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўрта Чирчиқ туманида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида ишсизлик даражаси 5,7 фоизга, камбағаллик даражаси 7,6 фоизга қисқартирилди. 

Мазкур қарор билан жорий йил туманда 22 минг 837 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Айниқса, аҳолига ер майдонларини ижарага бериш, “компания-кооператив-деҳқон хўжалиги” тамойили асосида 19 гектар ер майдонида 3 та кооперативлар ташкил этиш ҳисобига 61 нафар фуқароларни банд қилиш имконияти яратилди. 

– Ҳудуддаги “Туркистон” ва “Ўртаовул” маҳалла фуқаролар йиғинларида микросаноат марказлари ташкил этилади. Шу билан бирга, Қорасув, Уйғур, Тинчлик, Файзобод ва Туркистон маҳаллалари камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади. Бунинг учун режа-график асосида тижорат банклари томонидан 6 минг 860 нафар аҳоли доимий иш ўринларига жойлаштирилади ҳамда тадбиркорликка жалб қилинади, – дейди  Ўрта Чирчиқ туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Сардор Ўталов. 

А.Мусаев, ЎзА.