Мамлакатимизда меҳнат ресурслари сони 19 миллион 453,3 минг кишини ташкил этади. Меҳнат билан банд бўлганлар сони 13 миллион 773,6 минг, расмий секторда банд аҳоли 6 миллион 74,4 минг, норасмий секторда банд бўлганлар 5 миллион 690,3 минг кишини ташкил этган. Ишсизлик даражаси 2021 йил якуни бўйича 9,6 фоиз, 2022 йил иккинчи чорак якуни бўйича 9,2 фоиз.
Шунингдек, жамоат ишлари дастури бўйича 82 минг 602 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилиб, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида режага нисбатан 114,2 фоизга ортиғи билан бажарилган. Бандликка кўмаклашиш дастури доираси эса ярим йилликда 5 мингдан зиёд касбий-малакавий курслар ўтказилган ҳолда режа 143,4 фоизга ортиғи билан бажарилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2022 йил учун бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлар ижроси бўйича амалга оширган ишлари тўғрисидаги ахбороти эшитувида қайд этилди.
Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги тегишли қарорига биноан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлари ижроси 2022 йил учун жами 940 миллиард сўм, Жамоат ишлари жамғармасининг бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлари 300 миллиард сўм этиб белгиланган.
Вазирликка 2022 йилда бюджетдан ажратилган маблағлар асосан меҳнат бозорининг барқарор ва мутаносиб равишда ривожланишини таъминлаш, аҳоли банлиги даражасини ошириш, ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилишга ҳамда меҳнат органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доир сифатли хизматларнинг ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолига кўрсатилишини ташкил этиш ишларини молиялаштиришга сарфланиши режалаштирилган.
Йиғилишда вазирлик томонидан амалга оширилган ишлар эътироф этилиб, камчиликлар хам айтиб ўтилди. Камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Қайд этилишича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги учун 2022 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 триллион 254,4 миллиард сўм маблағ кўзда тутилган бўлсада, шу йилнинг 1 июль ҳолатига бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурлари учун ҳақиқатда 272,4 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилган.
Шу билан бирга, айрим индикаторлар, хусусан, жамоат ишларига жалб қилинган ишсизлар томонидан бажарилган ободонлаштириш ишлари сони кўрсаткичи SMART тамойилига унчалик мос эмас. Қолаверса, малакали ишчилар учун тўлдирилмаган иш ўринлари сони ортиб бормоқда.
Йиғилишда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА