English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси
16:16 / 2021-06-04

Бухоро Нефть ва газ саноати коллежида Бухоро шаҳар ва тумани аҳолиси учун "Ишсиз ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш бўйича бўш иш ўринлари ҳудудий меҳнат ярмаркаси" бўлиб ўтди. Унда Бухоро шаҳридаги 299 та корхона, ташкилот ва муассаса 5 мингдан зиёд вакант бўш иш ўрни билан қатнашди.

Тадбирда 800 дан ортиқ ишсиз йигит-қиз ва аёл иштирок этди. Ярмарка давомида ўзларига мақбул келадиган иш қидириб, келгусида ўз касби ва мутахассислиги бўйича иш ўрнига эга бўлиш мақсадида келган ишсиз фуқаролардан 385 нафари билан меҳнат шартномаси расмийлаштирилди. 660 нафар фуқарога мутахассислиги ҳамда қизиқиши асосида иш ўринлари ажратиш бўйича келишиб олинди. Бухоро туманидан эса жами 120 та корхона ва ташкилот 1 минг 650 та ваканциялари билан иштирок этди. Бўш иш ўринлари ярмаркасида 1 минг 59 нафар фуқаро ўзига маъқул бўлган касб-кор танлови юзасидан шу ернинг ўзида иш берувчилар билан меҳнат шартномаларини имзолашди.  

–Ярмаркага келиб ишли бўлдим, –дейди Бухоро туманида яшовчи Отабек Файзиев. — "Силк Сервис" МЧЖга ишчи бўлиб ишга кирдим. Энди мен ҳам ишлаб оиламга даромад олиб кираман. Бундан хурсандман.

Тадбирда Отабек каби кўплаб ёшлар ишли бўлганидан жуда хурсанд бўлди.  

[gallery-2678]

Ярмарка иштирокчиларига корхона, ташкилот ва муассасалар мутахассислари томонидан иш ўринлари, ходимларга яратилган шароитлар, ижтимоий ҳимоя ва ойлик маошлари ҳақидаги батафсил маълумотлар берилди.  

Бухоро шаҳрида “Аёллар дафтари”га 1 минг 911нафар кредит олиш истагида бўлган хотин-қизлар киритилган. Шу кунга қадар АТ Халқ банки Бухоро шаҳар ва амалиёт филиаллари томонидан 810 нафар хотин-қизларга турли хил йуналишларда имтиёзли кредитлар ажратилди.  

Аёлларни банд қилиш мақсадида бугунги тадбирда банк томонидан имтиёзли кредит асосида 50 нафар хотин-қизларга тикув машиналари тарқатилди.

–Мен бундай имкониятни кутмаган эдим, – дейди “Аёллар дафтари” га киритилган 62-Сифатмуний маҳалласида яшовчи Зарина Қараева. – Яхшигина чеварман. Лекин тикув машинасини олишга имкониятим йўқ эди. Халқ банки томонидан ташкил қилинган ярмаркада мен 3 та турли хилдаги тикув машиналарини олдим. Бундан жуда хурсандман. Шундай имкониятларни яратган давлатимиз раҳбарига раҳмат.

Ярмаркада "Ёшлар дафтари"даги 96 нафар ёшга касбга ўқитилганлик сертификати асосида субсидия тартибида иш анжомлари ва техникалар ажратилди.  

 

Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА