Бугун маҳаллалар тараққиёти, жамият барқарорлиги ва келажак иқтисодий ўсиш масаласи, аввало, ёшлар бандлиги билан чамбарчас боғлиқ.
Шу маънода Арнасой туманида ўтказилган навбатдаги йиғилиш шунчаки навбатдаги тадбир эмас, балки ҳар бир ёш тақдирига дахлдор муҳим масалаларни ўртага қўйган мулоқот майдони бўлди.
Туман ҳокимлигида ташкил этилган йиғилишда туман ички ишлар бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходимлари ҳамда ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этишди. Унда жорий йил 23 январь куни мамлакатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган 2026 йилги устувор вазифалар ижроси муҳокама марказига чиқарилди.

2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳаллаларни ислоҳотларнинг бош бўғинига айлантирди. Бу эса ишсиз ёшлар муаммосига формал эмас, балки аниқ натижага қаратилган ёндашувни талаб этмоқда. Йиғилишда ҳам асосий эътибор айнан шу жиҳатга қаратилди: ҳисобот учун эмас, ёшлар ҳаётида ўзгариш қилиш.
Туман ҳокими Одил Мусанов раҳбарлигида ўтган анжуманда ташкилот раҳбарларига оталиққа бириктирилган ишсиз ёшлар билан ишлаш ҳолати танқидий руҳда таҳлил қилинди. Айрим ҳолларда ёшларни рўйхатга олиш билан чекланиб қолинаётгани, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва доимий иш ўринлари билан таъминлашда тизимли ёндашув етишмаётгани қайд этилди. Таъкидландики, ишсизлик — фақат иқтисодий муаммо эмас, балки жиноятчилик, ижтимоий беқарорлик ва маънавий бўшлиқка олиб келувчи омилдир.

Муҳокамаларда чет давлатларга чиқиб кетган ёшлар масаласига ҳам алоҳида тўхталинди. Уларни Ватанга қайтариш, ижтимоий мослаштириш, мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар қайта кўриб чиқилди. Шу билан бирга, меҳнат миграциясидан қайтган ёшларни шунчаки иш билан таъминлаш эмас, балки тадбиркорликка жалб этиш, ўз бизнесини бошлаши учун зарур шароитлар яратиш муҳим экани уқтирилди.
Йиғилиш якунида туман ҳокими масъул раҳбарларга ишсиз ёшлар билан манзилли, индивидуал ишлаш, ҳар бир ёш тақдири учун шахсий жавобгарликни ҳис этиш бўйича қатъий вазифаларни белгилаб берди. Белгиланган топшириқлар ижроси қатъий назоратга олиниши таъкидланди.

Хулоса шуки, ёшлар бандлиги масаласи қоғозда эмас, амалда ҳал этилсагина маҳалла ривожланади, жамият юксалади. Арнасойда ўтган бу йиғилиш ана шу ҳақиқатни яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА