Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари сектор раҳбарлари, ижро ҳокимияти органлари раҳбар кадрлари учун ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Унда Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова маъруза қилди.
Бош вазир ўринбосарининг маърузасида жуда кўп муҳим масалаларга эътибор қаратилди. Туманлар ва шаҳарларда салоҳиятли хотин-қизларни раҳбарлик лавозими захирасига тавсия этиш, айниқса, иқтисодий, ҳуқуқ-тартибот, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, хизмат кўрсатиш коммунал соҳаларда раҳбарлик лавозимларида аёллар улушини ошириш, иқтидорли хотин-қизларнинг босқичма-босқич истеъдодларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш, меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга ўқитиш масалаларига эътиборни янада кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Келгусида “Сайхунобод тажрибаси” бўйича ишсиз хотин-қизларни асаларичилик, паррандачилик, иссиқхона, балиқчилик ва бошқа йўналишларда касб-ҳунарга ўқитиш, лидер тадбиркор аёлларга эҳтиёжманд хотин-қизларни бириктириб, даромад топишга ўргатиш, хотин-қизларнинг бизнесини кенгайтиришга кўмаклашиш орқали янги иш ўринларини яратиш, хонадонларда кичик ишлаб чиқариш сехларини (мева-сабзавотлар, сут маҳсулотларини қайта ишлаш, мато тўқиш, тикиш ва бошқа) ташкил этиш, миграциядан қайтган хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш, боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларга ижтимоий кўмак кўрсатиб бориш ишларини тизимли давом эттириш ҳамда маҳаллаларда “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари”ни ташкил этиш каби вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, секторлар раҳбарлари, тумандаги масъул ташкилотлар билан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ҳар тамонлама қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳар бир аёлни доимий даромад топишга ўргатиш, хотин-қизларга жарроҳлик операциялари ва даволанишларига маблағларни ўз вақтида йўналтириш, уй-жой таъмири ва уй билан таъминлаш тизимини мустаҳкамлаб олиш бўйича ҳам зарур вазифалар қайд этилди.
Фаол мулоқот ҳамда савол-жавоб руҳида ўтган дарс жараёнида жойларда тазйиқ ва зўравонликка учрашга мойиллиги бўлган оилаларни аниқлаш, жабрлангунга қадар улар билан профилактика ишларини тизимли ташкил этиш, хотин-қизлар жиноятини кескин қисқартириш бўйича “Ижтимоий профилактика – ҳуқуқий тарғибот – ижтимоий мослаштириш” иш услубларини фаолиятга кенг татбиқ этиш, жабрланган хотин-қизлар билан ижтимоий реабилитация ишларини олиб бориш, оилавий қадриятларни сақлаб қолиш, оилалар фарвонлигини ошириш орқали ажримларнинг олдини олиш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар тингланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА