Андижон вилоятида ишсиз ҳамда оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинар очилишида сўз олган Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Комилжон Комилов мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, Президентимиз ташаббуси билан ёшларни оталиққа олиш, уларни ташкилот раҳбарларига бириктириш тизими йўлга қўйилган. Хусусан, Андижон вилоятида бугунги кунда алоҳида эътиборга муҳтож 3 минг 365 нафар ёш 293 нафар масъул томонидан оталиққа олинган. Шунингдек, 569 нафар ташкилот раҳбарига 9 минг 880 нафар ишсиз ёш бириктирилган.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан жорий йилда ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида мазкур семинар ташкил этилди.
Унда оталиққа олинган ҳамда ишсиз ёшларга бириктирилган масъуллар иштирок этиб, мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш механизмлари ва амалий тажрибалар хусусида фикр алмашди.

Семинарда мутасадди ва мутахассислар томонидан ана шу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, ҳар бир ёш билан манзилли ва тизимли иш олиб бориш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Масъулларнинг мавзу доирасидаги билим, малака ва кўникмасини бойитишга хизмат қилган семинарда вилоятда оталиққа олинган ҳамда ишсиз ёшлар билан ишлаш бўйича амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари