Аҳоли вакиллари иш билан банд бўлса, доимий даромадга эга бўлади. Бу эса турмуш фаровонлигига, барқарорлигига хизмат қилади. Шу боис мамлакатимизда аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз раислигида Фарғона ва Бухоро вилоятларида инвестицияларни жалб этиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш масалалари бўйича бўлиб ўтган йиғилишларда бу бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Мазкур устувор вазифаларнинг ҳудудларда бажарилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бандлик дастурларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиб боришмоқда.

Ўрганишларда аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжмандларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойлардаги учрашувлар давомида бандлик соҳасига доир қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида айрим камчиликлар ҳам аниқланмоқда. Жумладан, ҳудудий ва маҳаллий меҳнат органлари томонидан иш қидираётган шахсларни рўйхатга олиш ва уларга ишсизлик нафақалари тайинлашда номувофиқликлар борлиги маълум бўлди.
— “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунда шахсларни ишсиз деб эътироф этиш шартлари ва уларни ишсиз деб эътироф этишга ваколатли ташкилотлар аниқ қилиб белгиланган бўлишига қарамай, жойларда “ишсиз” фуқароларнинг сонига оид турли хил статистик рақамларга дуч келинди, — дейди Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Нодир Тилаволдиев. — Яъни, кимлар ишсиз деб эътироф этилиши, уларга қачон ва ким томонидан ишсизлик нафақаси тайинланиши ва ҳоказо масалалар ҳақида кўпчилик етарлича маълумотга эга эмаслиги аниқланди. Шу боис, қўмитамиз ташаббуси билан ўтказилган давра суҳбатларида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда бошқа масъул идоралар билан биргаликда корхона ва ишчиларнинг меҳнат муносабатларини тартибга солиш ва қонунийлаштириш масаласини атрофлича муҳокама қилдик. Жумладан, қўмита аъзолари томонидан банд бўлмаган аҳоли масофадан туриб, тегишли мутасаддиларга иш ёки ишсизликни эътироф этишни сўраб мурожаат қила олиш имкониятини тақдим этувчи платформаларни ишга тушириш таклифи ҳам билдирилган эди.
Яқинда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан «Шахсларни ишсиз деб эътироф этиш ва уларга ишсизлик нафақасини тайинлаш бўйича электрон давлат хизматини кўрсатиш тўғрисида»ги регламентнинг тасдиқланиши бандлик соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш борасида парламент ва вазирлик ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорликнинг ижобий натижаси бўлди.
Эндиликда Регламентга кўра, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг туман, шаҳар бўлинмалари томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДПХ) орқали йўлланган аризага асосан иш билан банд бўлмаган фуқаролар «ишсиз» деб эътироф этилиши мумкин бўлади.
Мазкур амалиётнинг йўлга қўйилиши «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунда белгиланган нормаларни ҳаётга изчил татбиқ этиш ҳамда аҳоли бандлигига доир статистик кўрсаткичларнинг бир-бирига мувофиқлигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, ишсизликни қайд этишга оид давлат хизматининг электрон шаклга ўтказилиши иш излаётган аҳолига қўшимча қулайлик ва имконият яратиш орқали коррупция, сансалорлик ва қоғозбозлик каби иллатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди депутат.
Дарҳақиқат, «Шахсларни ишсиз деб эътироф этиш ва уларга ишсизлик нафақасини тайинлаш бўйича электрон давлат хизматини кўрсатиш тўғрисида»ги регламентга кўра, маҳаллий меҳнат органи ариза берувчини иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олади ва мурожаат келиб тушгандан кейин бир кун ичида унга жавоб қайтаради. Умуман, Регламентда кўзда тутилаётган вазифалар иш излаётган аҳоли вакилларига янада қулайлик яратиш, уларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА