Жиззах шаҳрида ташкил этилган давра суҳбати ижтимоий аҳамияти ва амалий йўналганлиги билан алоҳида эътиборга лойиқ бўлди. Жиззах вилояти “Қалб нури” маркази томонидан ўтказилган мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг буюртмаси асосида амалга оширилган социологик тадқиқот натижаларига бағишланди.
Давра суҳбатида чекка ҳудудларда яшовчи, турли ижтимоий ва маиший сабаблар туфайли меҳнат бозоридан четда қолаётган аёллар муаммоси кенг муҳокама қилинди. Мутахассислар таъкидлаганидек, ишсизлик бугун фақат иқтисодий масала эмас, балки жамият барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатувчи жиддий ижтимоий муаммодир.

Тадқиқот доирасида Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида 520 нафар ишсиз хотин-қиз ўртасида ўтказилган социологик сўров натижалари тақдим этилди. Унда касбий кўникмалар етишмаслиги, қайта тайёрланиш имкониятларининг чеклангани, ёш ёки ногирон бола, кекса нуроний, касалманд қайнона ёки қайнота парвариши, шунингдек, маиший юкламалар аёлларнинг меҳнат бозорида фаол иштирок этишига тўсқинлик қилаётган асосий омиллар сифатида қайд этилди.

Муҳокамалар жараёнида иштирокчилар муаммоларни санаб ўтиш билан чекланиб қолмади. Кичик гуруҳларда иш олиб борилиб, аёллар бандлигини ошириш, уларнинг иқтисодий фаоллигини кучайтиришга қаратилган амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Ушбу таклифлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига тақдим этилиши, келгусида маҳаллий ҳокимиятлар ҳамда тегишли идоралар фаолиятида инобатга олиниши кутилмоқда.
Жиззах вилояти “Қалб нури” маркази директори Нодира Алимова тадқиқот моҳияти ҳақида шундай деди:
— Биз ушбу тадқиқот орқали ишсиз аёлларнинг муаммосини эмас, уларнинг имкониятларини кўрсатишни мақсад қилдик. Агар тизимли ёндашув бўлса, уйда ўтириб қолган аёл ҳам меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши мумкин.

Шу билан бирга, тадбир давомида жавобсиз қолган саволлар ҳам бўлди. Хусусан, аёллар бандлиги ва ишсизликни қисқартириш масалалари муҳокама қилинган давра суҳбатида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Жиззах вилояти бошқармасидан бирор вакил иштирок этмади. Гарчи лойиҳа айнан шу вазирликнинг давлат ижтимоий буюртмаси асосида амалга оширилган бўлса-да.
Албатта, айрим раҳбарлар бошқа расмий тадбирларда иштирок этиши мумкин. Аммо бутун бошли бошқармада мазкур тадқиқот натижаларини тинглаш, таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш учун бир нафар мутахассис ҳам топилмагани жамоатчиликда ўринли саволлар уйғотади. Худди шундай ҳолат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Жиззах вилояти бошқармасида ҳам кузатилди.
Аёллар бандлиги — бу фақат рақамлар ёки ҳисоботлар масаласи эмас. Бу оила фаровонлиги, фарзандлар келажаги ва жамият барқарорлиги билан боғлиқ ҳаётий масаладир. Шу боис, давра суҳбатида билдирилган фикр ва таклифлар қоғозда қолиб кетмасдан, масъул идоралар томонидан аниқ амалий чоралар билан қўллаб-қувватланиши шарт.
Чунки ишсиз аёллар тақдири муҳокама қилинаётган бир пайтда бу масалага бефарқ муносабатда бўлиш одамни ажаблантиради.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири