Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишқий муносабат ўлим билан тугади
16:31 / 2021-05-11

Ўқитувчилик шарафли касб бўлиб, «игна билан қудуқ қазишдек» машаққатли ва улуғ ишни қилаётганларни доимо эъзоз билан тилга оламиз. Айниқса, қўлимизга илк бор қалам тутиб, ёзишни ўргатган устоз бир умр қалбимиз ардоғида бўлади. Афсуски, Қўқон шаҳридаги 19-умумтаълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси Лола Горячева қабиҳ жиноятга қўл урди. Қўлига пичоқ олиб, бир кишининг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабабчи бўлди.

Икки нафар фарзанднинг онаси бўлган бу аёл турмушидан ажрашган. 2019 йил февраль ойида интернет ижтимоий тармоғидаги «Одноклассники.ру» сайти орқали Азамат исмли йигит билан танишиб қолади. Бир-бири билан кўришганидан сўнг муносабатлар жиддийлаша бошлайди. Фурқат туманилик бу йигит мавсумий ишлар билан шуғулланар, оилавий шароити оғир бўлгани учун ҳали уйланмаган эди. Лола ўзидан анча кичик бўлган Азаматни тўғри йўлга солиш ўрнига, у билан тобора яқинлашарди. Баъзида рашк туфайли иккиси жанжаллашиб қоларди. Муаллима аста-секин ундан узоқлашишни, кам учрашишни бошлади. Албатта, бу йигитга ёқмади. 2020 йил 3 ноябрь куни Азамат унга бир неча бор телефон қилиб қаерда эканлигини сўраб-суриштирди. Лола унга қўнғироқ қилмаслигини айтиб, телефонни ўчириб қўяди. Шу куни соат 22:00 ларда йигит маст ҳолатда унинг уйига келди. Аёл муносабатларни тўхтатиш мақсадида гаплашиб олмоқчи бўлганида йигит уни арзимас баҳоналар билан урди. Лола уни қўрқитиб қўйиш мақсадида қўлига пичоқ олиб, ўқталди. Қасддан урилган тиғ йигитнинг чап оёғини жароҳатлади. Шундан сўнг Азамат ташқарига чиқиб кетди, бир неча дақиқа ўтиб эшикни тақиллатсада, Лола уни уйга киргизмади. Йигит ярим тунда совуқда жароҳатланган ҳолда кўп қон йўқотиши натижасида вафот этди...

Суд тиббиёт экспертизанинг хулосасига кўра, марҳум А.Набиевнинг чап сонида артерия ҳамда мушаклари шикастланган, санчилган-кесилган яраси бўлиб, ушбу жароҳатлар ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлар тоифасига кириши аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан Л.Горячевага беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Суд жараёни давомида у қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Афсуски, энди кеч.

Аёл бугун жазо муддатини ўтамоқда. Агар у ўшанда йигитга ўз вақтида тушунтирганида, тўғри йўлга солганида, ёрдам кўрсатганида балки, бу мудҳиш воқеа юз бермасди.

  

М.Сулаймонов, ЎзА