Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига
Ўзбек адабиётида XX асрнинг 60 йилларига келиб янги бир авлод етишиб чиқди. Бугунги кунда жаҳон адабий жараёнида ўзбек шеъриятининг ўрни ҳақида фикр юритилганда айни авлод вакиллари тилга олинади. Улар Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Гулчеҳра Нуруллаева ва бошқа забардаст ижодкорлардир.
Атоқли шоир Омон Матжон бу давр ўзбек адабиётига жанрий-шаклий ва ғоявий-бадиий жиҳатлардан янги руҳ, янги услуб, янгича мазмун олиб кирганлардан саналади. Шоирнинг ижодкор сифатида шаклланиши Самарқанд давлат университети адабий-илмий муҳитида кечган ва аксарият ўзбек адабиёти дарғалари қатори ижодининг қайноқ дамлари, илҳом онлари Тошкент адабий жараёни билан чамбарчас боғланади.
Шоир ўтган аср 70-80 йилларида ўзбек шеъриятининг порлоқ юлдузи даражасига кўтарилди. Шу йиллари ва кейинчалик шоирнинг 20 дан ортиқ китоблари жўшқин ижод маҳсули сифатида нашр этилди. Бу китобларда жамланган ижод намуналари ўзбек бадиий-эстетик тафаккур олами тараққиёти учун улкан ҳисса бўлиб қўшилди. У жаҳон адабиётининг улкан намоёндалари Фридрих Шиллер, Шарл Бодлер, Евгений Евтушенко, Берди Кербобоев, Сухроб Тохир, Иброҳим Юсупов, Расул Ҳамзатов ва бошқалар асарлари билан ўзбек китобхонларини баҳраманд этди. Шуни таъкидлаш керакки, қадим Хоразм тарихи ва маданияти, адабиёти ва санъати жаҳон халқларини ҳайратга солиб келади. Бу юртда ислом маданиятининг қарор топиши билан мумтоз адабиёт ҳам жадаллик билан ривожланади, Шарқ ва туркий халқлар адабиёти анъаналарини ўзига хос услубда изчил давом эттирувчи адабий муҳит вужудга келади ва унинг улуғ сиймолари етишиб чиқади.
Омон Матжон бир жиҳатдан ана шу оламшумул маданият ва адабиётнинг чинаккам вориси, янги муҳитдаги давомчиси ҳисобланади. Шунинг учун шоир асарларида замонавий шеърият поэтикаси билан бирга мумтоз оҳангларга садоқат, издошлик яққол намоён бўлади. Унинг “Очил, эй гул, гул вақтинг бўлди”, “Дилимнинг рангини гул билса бўлди”, “Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас”, “Умр ўтар, вақт ўтар...”, “Қуёш тонг олдида қизарган каби” классик асарларида Шарқ ғазалчилик, тўртлик шаклидаги ҳикматларида рубоийнавислик анъаналари оҳанглари яққол сезилади. Шу ўринда Алишер Навоий сиймосига эътибор қаратиш керак, унинг ижоди ўзигача яратилган мумтоз асарлар чўққиси ва ўзидан кейинги адабиёт учун илҳом манбаи бўлиб келган эди. Алишер Навоий ижод анъаналари Хуросон ва Мовароуннаҳр адабий ҳаётида бадиият ўлчамларини белгиловчи хазинага айланган эди. Бу, жумладан, Моварауннаҳр – Туркистоннинг Хоразм, Қўқон ва Бухоро ҳудудларига айланиб, бадиий ижоднинг алоҳида адабий муҳит тарзида давом этганлигида ҳам ўз аксини топиб боради. Ўзбек мумтоз адабиётида Алишер Навоийга издошлик масалалари атрофлича ўрганилгани ҳолда замонавий ўзбек шеърияти мисолида шоир ва умуман мумтоз анъаналарга ҳамнафаслик етарлича тадқиқ этилган эмас. Масалага шу нуқтаи назардан ёндашилса, Омон Матжон ижодий тажрибалари юксак маҳорат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Шоир шеърияти бир томонида мумтоз адабиёт мавзу ва оҳангларида ёзилган асарлар туркуми турса, иккинчи томонида бевосита классик асарларга битилган мухаммаслар туради. Бу жиҳатдан Омон Матжон ўзбек мумтоз адабиётининг буюк вакили Алишер Навоий ва Муҳаммадризо Огаҳий анъаналарини бевосита давом эттиради. Бунда ҳам, фикримизча, шоир юртдоши Огаҳий йўлидан бориб, ҳазрат Алишер Навоий ғазалларига мухаммаслар бағишлайди.
Шоирнинг шундай асарларидан бири Алишер Навоийнинг машҳур классик асари бўлган “аввалгиларға ўхшамас” радифли ғазалига битилган мухаммасидир. Бу анъана, яъни мухаммас бағишлаш санъати, мумтоз шеъриятимизнинг юксак бир поэтик ҳодисаларидан саналади. Уни замонавий шеърият табиати билан боғлаб ривожлантириш эса ҳар қандай иқтидор эгасининг ҳам қўлидан келавермайдиган, алоҳида қобилият талаб этадиган масаладир. Чунки бунда нафақат икки ижодкор, балки давр руҳи ҳам бир ўзанда ўзаро яқинлик касб этиши лозим. Омон Матжон ана шундай ҳамоҳангликни шеър ва шоирлик учун азалий бўлган мавзу ва мотивлар орқали инкишоф этади. Шоир олти бандли мухаммасда узоқ даврлар орасидаги манзара ва ҳолатларни бир ўзаро поэтик ҳодисага айлантира олади. Одатда мумтоз анъана сифатида мухаммас бағишлаш қонуниятларига кўра, ғазал шаклий жиҳатлари мухаммасда тўлиқ сақланади, фақат иккилик бешликка алмашади. Шоир маҳорати шундаки, ана шу шакл уйғунлигини мазмунда ҳам акс эттиради. Шунга биноан илк бандда “Бу дамда айланувчи фалакнинг қиёфаси ҳам, тақдир ёзуқларини битувчи ҳам, инсоннинг қадр-қиммати ҳам, кўнгилдаги дарду ғам ҳам, “ул ой”, яъни маҳбуба ҳажри ҳам” аввалгиларга ўхшамаслиги таъкидланади. Алишер Навоий ғазалида “дард”, “ғам”, “ҳажр” аввалгиларга ўхшамаслигига урғу берилади ва унда замон асар моҳиятидан келиб чиқилади. Омон Матжон эса замонни аниқ қилиб “бу дам” дейди. Чунки бу даврда Ўзбекистон тарихида ҳам “аввалгиларга ўхшамайдиган” янги бир уйғониш палласи юзага келган эди. Алишер Навоий ошиқ кўнгилга эътибор қаратади. Омон Матжон унда қўйилган масалани “фалак”, “тақдир”, “инсон” тушунчалари билан кенгайтиради, ижтимоий руҳ касб эттиради. Шу ўринда кўринадики, бунда лирик қаҳрамон ва ижодкор шахсияти омилини таъмин этадиган макон-замон ўзгаю, бироқ туйғу ҳамнафасдир. Бу мухаммас бағишлашнинг классик намунасидир.
Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас,
Котибу давру рақам аввалгиларға ўхшамас,
Энди инсон қадри ҳам аввалгиларға ўхшамас,
Кўнглум ичра дарду ғам аввалгиларға ўхшамас,
Ким ул ойнинг ҳажри ҳам аввалгиларға ўхшамас.
Одатда мухаммас бағишлаш анъанасининг адабий қонуниятларига кўра, кейинги бандларда барча масалалар бир ўзанда бирлашиши, бир моҳиятга интилиши талаб этилади. Омон Матжон банднинг дастлабки мисраларида тамсил қидиради. Унингча, бу жаҳон (дунё) тун ва тонг баҳслашадиган битта ҳужрадир. Бунда шоир қуёш савдосига шамлар қандай ҳакамлик қилади деб тунни шам, тонгни қуёш билан қиёслайди ва эътиборни азалий ишқ савдосига қаратади. Унга кўра, ишқ инсон моҳиятидир. Ҳатто Ширин ва Лайли ҳам ишқ ичра эмасдир, чунки чин маҳбуба (санам) ишқда аввалгиларга ўхшамайди. Бу ўринда икки масала эътиборни тортади. Биринчиси маъшуқанинг “санам” деб юритилиши бўлса, иккинчиси Ширин ва Лайли талмиҳидир. Гап шундаки, одатда бут-санам ислом таълимотига зид тушунча эканлигини биламиз, аммо шоир масалани ана шу зидлик фондида очиб беради. Шундан Омон Матжоннинг ҳам талқинни зид тамсиллар (антитеза) билан тун ва тонг, қуёш ва шам тарзида деталлаштириши асарда мантиқ уйғунлигини таъминлайди. Ширин ва Лайли қиссаларига мурожаат эса ишқ масалани бирлаштиришга хизмат қилади.
Бул жаҳон тун бирла тонг баҳс этар бир ҳужраким,
Воҳ, қуёш савдосиға шамлар нечук бўлди ҳаким,
Ишқ, бу – ўз умрим, анга нечук қасамлар ичмаким,
Демангиз Ширину Лайли онча бор ишқ ичраким,
Хўбликда ул санам аввалгиларға ўхшамас.
Мухаммаснинг кейинги бандида бадиий тасвирларнинг барча йўналиши “алам” мавзусига қараб кетади. Шеърда айтилишича, кимки бир улуғ ишга жазм этдими, унга жонини тикиши даркордир. Бу улуғ юмуш қаршисида чиқадиган машаққатларни енгишдан ор қилмаслиги лозимдир. Шоир шу фикрни айтадию, яна фалакдан ҳеч кимсани бошлаган ишини бесамар этмаслигини сўрайди. Чунки ошиқ ишқ дардида қанча аламлар тортди, бироқ маъшуқа ўзга ёрни ихтиёр этди. Бу ошиқ учун аламли ўлим, ўлим бўлганда ҳам аввалгиларга ўхшамайдиган ўлимдир. Бунда кишининг улуғ деб билган ишига жонини ато этиши, қанча қийинчиликлар бўлса ҳам енгиб ўтиши ва мақсаднинг амалга ошмаслиги бир алам, лекин бу алам моҳиятсиз, ўткинчи бир ҳодиса эмас, балки айни моҳиятнинг ўзидир. Чунки ошиқнинг муроди мана шу мангу аламга етишидир. Акс ҳолда Навоий бошқа бир асарида “ғамнинг йўқлиги бу ғамдир, аламнинг йўқлиги аламдир” - демаган бўлар эди. Ана шу қадим Шарқ донишмандлиги, ҳикмати. Бу фалсафани шоир Омон Матжон чуқур англайди ва шу ҳикматга ҳамоҳанг сатрлар битади.
Қай кишиким бир улуғ ишга этибди жон нисор,
Шиддати пасту баланд келганда ҳам бўлмайди ор,
Эй фалак, ҳеч кимни этма бесамар йўлларда хор,
Жавридин эрди аламлар, эмди тутмиш ўзга ёр,
Ўлмишамким, бу алам аввалгиларға ўхшамас.
Асарда фикрлар ўзани аста-секин ишқ, ирфон, фонийлик масалалари томон бурилади, она Шарқ маърифати хотирга олинади. Бунда шеър лирик қаҳрамони жаҳолат ва зулмат исканжасидан қочишга интилади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, аслида она Шарқ тожи – бу маърифат ва басират оламидир. Ундаги шахсият Ҳақнинг бодасидан маст, ўткинчи-фоний дунё ёлғонларидан йироқ бир мансубликдир, хаёллари илоҳий ишқ билан банддир, уни зулматда, ёлғонда уйғотиш мумкин эмас. Бундай шахсият ишқини Фарҳод ва Мажнун ишқига ҳам ўхшатиб бўлмайди. Чунки Шарқ фалсафасига кўра ҳам Фарҳод, Мажнун, Вомиқ ҳақиқий ишқда мажоз саналади. Шу боис бу хароб олам аввалгиларга ўхшамайди. Албатта, бу ўринда олам тушунчаси ўткинчи дунёга нисбатан ишлатилган. Кўринадики, замонавий лирик қаҳрамон ҳам мумтоз қаҳрамон сингари ишқи ҳақиқат тарафдори сифатида намоён бўлади ва икки улуғ ижодкорнинг ҳаёт ва инсон ҳақидаги қарашларини бир манзилда бирлаштиради.
Она Шарқ тожин киюр! Зулматда ушлатманг мени,
Бодайи ҳақ мастиман, ёлғонга уйғотманг мени,
Ўз хаёлимға қўйинг, ўзгага ишлатманг мени,
Ишқ аро Фарҳод ила Мажнунға ўхшатманг мени,
Ким бу расвойи дажам аввалгиларға ўхшамас.
Мухаммаснинг навбатдаги бандида ифода этилаётган қарашлар ҳар бир мисрада ўзига хос бир бадиий фикр манзарасини юзага келтиради. Унда уқтирилишича, Арш Мирзоси, бошқача айтилганда, “азал котиблари” ҳар бир кимсага тақдир санасини ҳар хил ёзади, бу муқаррар қисматдан ҳеч бир ҳодиса яширина олмайди, агар вужуд руҳ ипларини ўзса, нафс ипларига боғланиб қолади. Менинг кўнглимни унинг дардидан мосиво этмангки, ўша мен боғланган “азми ҳарам” (манзил, мақом) аввалгиларига ўхшамайди. Бу бандда “тақдир ёзувчиси”, “қисмат ёзуғи”, “нафас ва руҳ”, “ишқ дарди” – буларнинг барчаси лирик қаҳрамон кўз ўнгида ўзгача кечади, ҳеч бири такрорланмайди, ўтмишдагиларига ҳам ўхшамайди.
Ҳар кима ҳар хил ёзур Арш Мирзоси сана,
Айланур ойина бу, ҳеч битта иш топмас пана,
Нафс ипига боғлидур руҳ ипларин узган тана,
Кўйининг эҳромидин кўнглимни ман этманг яна,
Ким анга азми ҳарам аввалгиларға ўхшамас.
Эндиги, яъни мухаммаснинг охирги банди китобхонга бир қадар насиҳат, бир қадар ишонч бағишлайди. Унга биноан ўтмиш кечинмаларидан норизолик нотавонлар касби ҳисобланади. Чунки тақдир қандай бўлиши керак бўлса, шундай кечади, холиқ аҳдини халқ ўзгартиролмайди. Бир илинж борки, шу тилсимларни очиш, тушунишгина халқнинг вазифасидир. Шунинг учун ҳам ўтмишда ўтган Жамшид, Фариддун каби шоҳларни васф қилишни қўй, ундан кўра замон шоҳи Ғозий(Ҳусайн Байқаро)ни мақтагин, чунки шоҳ Ғозийдаги карам-саховат аввалгиларга ўхшамайди.
Мухаммас умумий маъно-мазмунидан кўринадики, унда “дард”, “ҳижрон”, “ишқ”, “алам”, “тақдир”, “карам” каби масалалар ҳаётий ва ирфоний талқин нуқтаи назаридан икки буюк шахсият, икки давр-замон, икки лирик қаҳрамон туйғуларини бир-бирига боғлаб бораверади. Айнан мана шу тушунча-образлар талқиниаро ўзаро боғлиқ нуқталарни кашф этиш ёки боғлиқ жиҳатларни топиш ҳар кимда ҳам учрайвермайдиган қобилият ва иқтидор маҳсулидир. Шу жиҳатдан Омон Матжон мумтоз анъаналаримизнинг ҳақиқий давомчиси ва ҳақли меросхўридир.
Сўкмак ўтганлар ишин нотавонлар расмиким,
Ўз замонин рост этар қавми марддир асли ким,
Шу ҳаёт тилсимларин очмоқ омонлар касбиким,
Эй Навоий қилма Жамшиду Фаридун васфиким,
Шоҳ Ғозийга карам аввалгиларға ўхшамас.
Хулоса қилиб айтилганда, кейинги янги давр ўзбек шеъриятининг хассос намоёндаси бўлган Омон Матжон ўз ижоди билан бутун туркий-ўзбек шеърияти учун том маънодаги шахсиятга айланди. Айниқса, унинг қаламига мансуб ва аждодлар руҳияти билан боғлиқ топилмалардаги масалалар талқини шоир шеъриятининг ниҳоятда жозибадор бир олам эканлигини кўрсатади. Шу билан бирга Алишер Навоий сингари мутафаккир ижодкорлар анъанасини янги шароит ва замонда давом эттирганлиги, унинг мумтоз адабиётимизга бўлган чексиз садоқатини намоён этиб беради.
Шавкат ҲАСАНОВ,
Усмон ҚОБИЛОВ,
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессорлари, филология фанлари докторлари
ЎзА.