Ватанимиз тарихидаги 25 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1910 йил (бундан 111 йил олдин) – Фарғона водийсида иккинчи хусусий матбаага асос солган илк ўзбек ноширларидан бири Иcҳоқхон Ибрат вилоят бошқармаси номига ўтинчнома ёзди. Унда литография (тошбосма)ни Тўрақўрғон қишлоғидан Наманган шаҳрига кўчириб жойлаштиришга рухсатнома беришни илтимос қилди.
Исҳоқхон Ибрат сармоясини кўпайтириш пайида бўлган типографиялар ва литографиялар соҳиблари бўлмиш рус савдогарлари ва маҳаллий бойлардан фарқли ўлароқ китоблар нашр этишдан мутлақо ўзгача – маърифатпарварлик мақсадларини кўзлар эди.
1912 йил (бундан 109 йил олдин) – Туркистон генерал-губернатори Туркистон ўлкаси вилоятлари инспекторлари ва Сирдарё вилояти ўқув муассасалари директорига ўқув маҳкамаларининг жадид мактаблари устидан назоратчилик ваколатларини мустаҳкамловчи 5 банддан иборат фармойишини эълон қилди.
Тарихчи Нажмиддин Қодировнинг ёзишича, империя ҳукумати янги усул мактабларини миллий маданиятни ўстиришига ёрдам беришидан чўчиб подшо ҳокимияти учун ҳатарли деб баҳоладилар. Шунинг учун уларнинг фаолиятини чекловчи турли тадбирлар кўрилган эди.
Туркистон ўлкаси маъмурияти томонидан қўлланилган чоралар оқибатида 1910–1911 ўқув йили давомида 50 дан ортиқ янги усул мактаби фаолиятига чек қўйилди. Лекин бу турдаги мактаблар сони ўсишда давом этди. 1918 йилгача Ўзбекистон ҳудудида 104 та “янги усул” мактаблари бўлиб, уларда 10 минг 343 нафар ўқувчи таълим олган.
1918 йил (бундан 103 йил олдин) – Тошкент Халқ хўжалиги совети ўз фаолиятини бошлади. Шу йилнинг 2 мартида Ижроия қўмита томонидан унинг Низоми тасдиқланган. Низомда қайд қилинишича, унинг вазифалари қуйидагилардан иборат эди: шаҳардаги саноат соҳалари ишларини ташкиллаштириш ва тартибга солиш, шунингдек жамоатчилик учун зарур ҳисобланган иншоотларни барпо қилиш.
1921 йил (бундан 100 йил олдин) – Туркистон Республикаси Халқ Комиссарлари Советининг “Вилоят архив жамғармалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга асосан маҳаллий архив ташкилотлари қонуний жиҳатдан расмийлашди. Бу қарорда вилоят ҳудудидаги барча идораларнинг иш юритиш ҳужжатлари вилоят давлат архиви жамғармасининг таркибий қисми ҳисобланади, деб кўрсатилди.
1934 йил (бундан 87 йил олдин) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Ўлмас Умарбеков таваллуд топди (вафоти 1994 йил). У 1987–1989 йилларда Маданият вазири, 1989–1991 йилларда бош вазир ўринбосари вазифаларида фаолият юритди. Ҳаётнинг ботиний қатламларини чуқур ўрганиш ва таҳлил этиш, инсон тақдирида рўй берган зиддият ва ҳолатларни, белгиларни умумлаштириш, бадиий тафаккур тарозисига қўйиш, лиризмга мойиллик, инсон характерини унинг руҳий ҳолати, ҳис-туйғулари орқали очиб бериш унинг ижодий услубига хос хусусиятлардир.
1943 йил (бундан 78 йил олдин) – “Тошкент темирйўли иши тўғрисида” махсус қарор қабул қилинди. Темирйўл ҳарбий ҳолатга ўтказилди, унда ишловчилар сафарбар этилган деб ҳисобланди, ҳарбий хизматчилар каби қаттиқ интизомга риоя этиш мажбурият қилиб қўйилди.
Поездлар ҳаракатида қўшинлар ва ҳарбий юкларни биринчи навбатда ўтказиб юборишни кўзда тутувчи ҳарбий график жорий этилди. Тошкент темирйўл транспортчилари кўчириб келтирилаётган корхоналарнинг асбоб-ускуналарини ва миллионлаб кишиларни Ғарбдан Шарққа, жанговар техника ва қурол-яроғларни Шарқдан Ғарбга ўз вақтида тўхтовсиз ўтказиб туриш топшириғини бажардилар.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ғарбий Африкадаги Буркина Фасо давлати Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Дания қироллиги ҳамда Монголия билан дипломатия алоқаларини ўрнатди.
1996 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан ишчилар, муҳандис-техник ходимлар ва хизматчилар жамоаси Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига катта ҳисса қўшгани ва ишлаб чиқаришда юқори кўрсаткичларга эришгани учун Навоий кон-металлургия комбинати Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи билан мукофотланди.
1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ибн Сино халқаро жамғармасини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси тасдиқланди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади