Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Давлат хизматларини кўрсатишда талаб этиладиган ишончномаларни расмийлаштириш жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Қарор билан Электрон ишончномаларни расмийлаштириш, ўзгартириш ва бекор қилиш, шунингдек, ишончномаларнинг реестрини юритиш бўйича “Vakolatuz” платформаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга мувофиқ:
а) Платформа орқали расмийлаштирилган ва унда қайд этилган ишончномалар:
давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар учун мажбурий тартибда тан олинади;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишончномаларнинг қоғоз шакли жисмоний ва юридик шахслардан талаб қилинмайди ҳамда “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда олинади;
ишончли вакил орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш учун мажбурий ҳисобланади;
б) “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимида расмийлаштирилган ишончномалар Платформада қайд этилади ва уларнинг Платформадаги электрон нусхалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қоғоз шаклига тенглаштирилади.
Бир ой муддатда:
Платформа “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасига интеграция қилинади;
Платформада электрон давлат хизматларидан фойдаланишда ишончномаларни электрон равишда текшириш имконияти таъминланади;
б) икки ой муддатда:
“Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирилган ишончномалар ҳақидаги маълумотларни Платформага юборилиши таъминланади;
Платформанинг мобиль иловасини ишга туширилади;
манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу қарорга мувофиқлаштирилади.
Ушбу Низом жисмоний шахслар томонидан давлат хизматларидан фойдаланиш ва давлат хизмати натижаларини олиш учун ҳамда юридик шахслар томонидан ўз ихтиёрига кўра электрон ишончномаларни “Vakolat.uz” платформаси орқали расмийлаштириш, ўзгартириш, бекор қилиш ва ишончномаларнинг реестрини юритиш тартибини белгилайди.
Маълумот учун, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-157-сон Фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб “Vakolat.uz” платформасини ишга тушириш:
давлат хизматларидан фойдаланиш ва давлат хизмати натижаларини олиш бўйича бошқа шахсларга ишончномаларни расмийлаштириш;
юридик шахслар томонидан расмийлаштирилган ишончномаларни ихтиёрий рўйхатдан ўтказиш;
барча турдаги ишончномаларнинг ҳақиқийлигини онлайн режимда текшириш;
Платформадан бепул фойдаланиш белгиланган эди.
ЎзА