Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ишонч"нинг кучи — ўз ўқувчиларининг кўнглини топа олганида
15:32 / 2025-10-16

Жиззах шаҳрида “Ишонч" кунлари” доирасида бўлиб ўтган учрашувда таҳлилий сўзнинг жамиятдаги аҳамияти, босма нашрлар ва касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик, замонавий оммавий ахборот воситаларининг таъсири ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Замонавий ахборот муҳити тезкорликни талаб этади. Бироқ маълумотлар оқими орасида таҳлилий, чуқур ўйланган мақолаларга бўлган эҳтиёж камайгани йўқ — аксинча, ортиб бормоқда. Бундай шароитда жамият ҳаётидаги воқеаларни холис ва теран таҳлил этаётган нашрлар алоҳида эътиборга лойиқ.

“Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари ана шундай нашрлар сирасига киради. Улар нафақат ахборот тарқатмоқда, балки воқеалар замиридаги сабаб ва ечимларни ҳам кўрсата олаяпти. Жиззахдаги тадбирда ҳам айнан шу жиҳатлар марказда бўлди.

[gallery-25821]

Мулоқотда газеталар таҳририяти вакиллари — бош муҳаррир ўринбосари Дармон Иброҳимов, “Доверие” газетаси масъул котиби Валентина Марценюк, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жиззах вилояти Кенгашининг раиси ўринбосари Аъзам Ихтиёров, шунингдек, касаба фаоллари, газетхонлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

– Авваллари газета ўқилмаган хонадон бўлмасди. Бугун эса технологиялар дунёсидамиз. Бироқ “Ишонч”нинг таҳлилий услуби, халқона  мақолалари, муаммо ва унинг ечими ҳақидаги ёритиш услуби ўқувчи эътиборини торта оляпти, – деди Агросаноат ходимлари касаба уюшмасининг масъул ташкилотчиси Акбархон Турсунов. – Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавзулар, меҳнат шароити, иш ҳақи масалаларига доир мақолалар одамлар учун муҳим. Газета муаммолар ечимини топишда қанот бўлаяпти деб бемалол айтиш мумкин.

Тадбир иштирокчилари фикрича, таҳлилий материаллар муаммони кўрсатиш билан бирга, унинг ечимини таклиф этаётгани билан ҳам аҳамиятлидир. Бу — журналистиканинг ижтимоий вазифаси самарали амалга оширилаётганидан далолат беради.

Мулоқот якунида таҳририят ҳамда касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, соҳавий мутахассислар иштирокида таҳлилий мақолалар тайёрлаш, айниқса, қишлоқ меҳнаткашлари ҳаётини ёритишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Ҳозирги медиа муҳитда оддий муштарийнинг фикри ҳам ўта муҳим. Унинг эҳтиёж ва талабини теран ҳис этган нашргина ўқувчи қалбига йўл топа олади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари мақтовга лойиқ.

Тадбир якунида газеталарга обунани ташкил этишда фаоллик кўрсатган касаба уюшмаларининг масъул ташкилотчилари таҳририятнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари