Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишончни оқлаш ёшлар учун шарафдир
18:22 / 2026-03-06

Мамлакатимизда кейинги йилларда илм-фан билан шуғулланаётган хотин-қизлар, айниқса, ёш олималар сафи, улар эришаётган ютуқлар салмоғи йил сайин ортиб бормоқда. Янги Ўзбекистонда ёш олималарнинг билим олиши, илмий салоҳиятини юксалтириши, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун кенг имкониятлар эшиги очилган.

Андижон давлат чет тиллари институти “Таълимда бошқарув” ихтисослиги таянч докторанти Саидабону Абдусаломова ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, юқори натижаларга эришаётган ёш олималардан. 

Болалигидан илмга чанқоқ, ташаббускорлиги, жамоат ишларидаги фаоллиги, таълим йўналишидаги қатор изланишлари билан устозлари, кенг жамоатчилик эътиборини қозонган Саидабону 2013 йилда “Таълим” йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлиб, юртимизнинг энг иқтидорли қизлар сафидан ўрин олган. 

У мактабни тамомлагач, Андижон давлат университетининг хорижий тиллар факультети инглиз тили йўналишида таҳсил олди. Талабалик йилларида пухта билим олиш билан бирга, илмий-тадқиқот ишларини олиб борди, тинимсиз ўз устида ишлади, изланди, янги-янги марралар сари қадам ташлади. 

[gallery-28025]

Саидабону ёш, малакали мутахассис сифатида меҳнат фаолиятини Олтинкўл туманидаги 1-умумтаълим мактабида бошлади. Кейинроқ у фаолиятини Андижон давлат чет тиллари институтида давом эттирди. 

2022-2023 йилларда Андижон давлат чет тиллари институтида Иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи вазифасида иш олиб бориб, ёшларнинг илм-фанга қизиқишини ошириш, уларни илмий-тадқиқот йўналишига жалб этиш борасида самарали фаолият юритди.

Саидабону 2024 йилда Ориентал университети магистратура босқичини муваффақиятли тамомлаб, шу йилнинг ўзида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида стажёр-тадқиқотчи сифатида таҳсил олди. Айни кунда у Андижон давлат чет тиллари институтида “Таълимда бошқарув” ихтисослиги бўйича таянч докторант сифатида илмий фаолиятини давом эттирмоқда. 

Ҳозирда у педагогика фанлари номзоди, доцент Шавкат Қўчқоров раҳбарлигида PhD диссертацияси бўйича “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини SWOT таҳлили асосида бошқаришнинг педагогик асослари” мавзусида илмий иш олиб бормоқда. 

Шунингдек, Саидабону Олий Мажлис Сенати қошидаги “Гендер адолат лидерлари” жамоаси аъзоси ҳисобланади. Шунингдек, Андижон вилоятида таҳсил олаётган иқтидорли талаба-қизлар учун ташкил этилган “Ёғду” лойиҳаси асосчиси сифатида ҳам ёшларни илм-маърифат сари чорлаб келмоқда.

Бундан ташқари, у 2025 йилда Ёшлар ишлари агентлиги, “Ёш олимлар кенгаши” ҳамкорлигида ташкил этилган “PhD сари қадам” лойиҳасининг     3-мавсум республика саралаш босқичида ғолиб бўлиб, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун 11 миллион сўм миқдорида грант соҳиби бўлди.

– Кўплаб ёшлар эришаётган ютуқларнинг замирида юртимизда биз ёшларга берилаётган кенг имкониятлар, Президентимизнинг ишончи ва доимий қўллаб-қувватлаши ётади. Мен келгусида ана шу эътибор ва ғамхўрликка, юртбошимиз ишончига муносиб бўлиш, Ватанимиз равнақи йўлида астойдил меҳнат қилиш учун бор билим ва салоҳиятимни ишга соламан, – дейди Саидабону Абдусаломова. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.